«Ақлли» газ ҳисоблагичнинг афзаллиги нимадалигини биласизми?
Аҳолига табиий газ етказиш тизимини янада яхшилаш мақсадида “ақлли” газ ҳисоблагичлар бепул ўрнатилмоқда. Хусусан, вилоят бўйича шу йилнинг 23 апрель ҳолатига 39 335 дона «ақлли» газ ҳисоблагич аҳоли хонадонларига ўрнатилди, 37 775 дона газ ҳисоблагич кўрсаткичлари онлайн «Billing» дастурига уланди. Шу йилнинг январь-августь ойларида 91 413 дона газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бу юмушни бажариш учун 115 та пайвандчи ва чилангар бригада ишламоқда.
«Ақлли» ҳисоблагич ўрнатилса, ортиқча сарф ёки қаздорлик бўлмайди, — дейди М.Мансуров. Сабаби, ҳисоблагичда алоҳида сим-карта ўрнатилган бўлиб, истеъмолчи ҳисоб рақамида тўлов маблағи кам қолганда унинг телефонига огоҳлантирувчи СМС хабар келади. Тўлов амалга оширилмагач, тизим автомат тарзда ўчади. Яна бир афзаллиги, фақат иш кунлари тизим ўчирилади, ҳароратга қараб газ ўтказади, саккиз йилда бир марта қиёслов кўригидан ўтказилади.
Муҳими, маълумотлар 90 кун мобайнида сақланади, электрон тизим бўлгани боис, фойдаланилган газ ҳисобини ортга қайтариб бўлмайди, мабодо қурилмага тегинилса, тизим автомат равишда ўчирилади. Бу ўз-ўзидан табиий газдан ўғринча фойдаланишга йўл қўймайди. Ҳисоблагични хавфсиз сақлаш учун алоҳида қути ҳам ўрнатиляпти.
Ўрнатилаётган қурилма истеъмолчилар сарсонгарчилигининг олдини олади. Яъни, фойдаланилган газ тўловини амалга ошириш учун газ идорасига боришга ҳожат йўқ. Электрон ўтказмалар орқали маблағни уйда туриб амалга ошириш мумкин. Бепул ўрнатилаётган электрон газ ҳисоблагичлар шу йилнинг 1 май санасигача Термиз ва Денов шаҳарлари ҳамда Денов ва Сариосиё туманларида яшовчи аҳоли хонадонларига ўрнатилиши белгиланган.
«Hududgaz Surxondaryo» газ таъминоти филиали матуот хизмати