БОШ ПРОКУРАТУРА БЛОГЕР ОТАБЕК САТТОРИЙ ИШИ БЎЙИЧА ҚОНУН БУЗИЛМАГАНЛИГИНИ МАЪЛУМ ҚИЛДИ
Бош прокуратура баёнотига кўра, сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг иши бўйича қонун бузилиши ҳолатлари аниқланмади. Бундан ташқари, блогер устидан 7 та ҳолат бўйича мурожаатлар келиб тушгани айтилмоқда.
Ҳозирда тергов органига 7 та ҳолат бўйича Отабек Сатторий устидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу ҳолатларга тергов йўли билан ойдинлик киритилмоқда, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.
Маълум қилинишига кўра, жиноят ишининг қўзғатилиши қонунийлиги ўрганилганда, вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланмади.
Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё раҳбариятини танқид қилувчи блогер Отабек Сатторий товламачилик йўли билан телефонни қўлга киритганликда гумонланиб ҳибсга олинган.
ИИБ матбуот котиби Шохрух Ғиёсов ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан жиноят иши билан боғлиқ текширилмаган ахборотни жамоатчиликка тарқатиш орқали бирор-бир мақсадга эришишга ҳаракат қилиш, тергов ва суд органларининг фаолиятига нисбатан сунъий равишда салбий муносабат шакллантириш — тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, деб баҳоланишини ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришини таъкидлаган эди.