Madaniyat

Сурхондарёда авф этилганлар ижтимоий ҳаётга йўналтирилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституция қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 104 нафар фуқарони афв этгани ҳақида аввал хабар берган эдик.

Афв этилган шахсларнинг 6 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 50 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 17 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. 41 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан ўз уйларига қайтган ҳамюртларимиз орасида 2 нафар сурхондарёлик ҳам бўлиб, уларнинг оилалари бағрига қайтиши оналари, аёллари, фарзандлари қалбини шодликка тўлдирди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдувоҳид Исмоилов ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи Отабек Ҳақназаров билан биргаликда Термиз шаҳри ва олтинсойлик ана шу 2 нафар фуқарони қабул қилди.

Қабулда вилоят ҳокими афв этилган М.Абдуллаев ҳамда Н.Шерқобиловга халқимизга хос бағрикенглик фазилатини намоён этган Президентимизнинг ишончини оқлаб, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, жамиятда ўз ўрнини топиши, юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Мутасаддиларга афв этилганларни ижтимоий мослаштириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини тиклаш, ишга жойлаштириш ва шу каби бошқа ҳаётий масалаларда амалий ёрдам бериш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Related Articles

Back to top button