Пиллакор меҳнатига яраша ҳақ олаяптими?…
Жаҳонда табиий ипак етиштириш бўйича Хитой биринчи ўринни эгаллаб, дунё бўйича ишлаб чиқарилган ипакнинг 50 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилар экан, ундан кейин Ҳиндистонда 15 фоизи ва Ўзбекистон жами ишлаб чиқариладиган ипакнинг 3 фоизини ишлаб чиқариб, ипак ишлаб чиқарувчи давлатлар орасида учинчи ўринни эгаллар экан.
Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, 1 қути ипак қуртини парваришлаш учун тахминан 0,25 га тутзор талаб этилар экан ва бир қути ипак қурти 50-55 кг атрофида ипак қобиғи, яъни хомашё бераркан. 1 кг ипак қобиғи қуритилганда тахминан 400 грамм қолишини ҳисобга олсак 50 кг хомашёдан 20 кг қуритилган қобиқ қолади. Жаҳон бозорида бир дона қобиқнинг нархи 6 центдан 25 центгача нархланишинидан келиб чиқиб, 1 кг пилла қобиғи 30 доллардан ортиқ баҳоланар экан.
Демак, жаҳонда табиий ипак етиштириш даромадли тармоқлардан бири ҳисобланар экан. ЎЗБЕКИСТОНда-чи?
“Ўзбекипаксаноат”уюшмаси томонидан 2020 йил 3 январда тасдиқланган 2020 йил мавсумида етиштириладиган тирик пиллаларнинг тавсиявий харид нархларига асосан 1 кг тирик пилланинг харид нархи ўртача 20.400 сўмдан белгиланган. Энг муҳими, “Ўзбекипаксаноат”нинг жойлардаги пилла боқувчилар ва фермер хўжаликлари билан тузган шартномасининг 4.4-бандида 31 декбаргача якуний ҳисоб-китоб қилинади, яъни ҳар қути пилла учун аванс тариқасида 1 қоп ун ва 10 кг ўсимлик ёғи берилади ва қолган ҳисоб-китоб 31 декабргача (балким, илгарироқ ҳам) қилинади. Унгача пилла боқувчи ҳам, фермер хўжалиги ҳам қолган хизмат ҳақини талаб қилишга ҳақи йўқ!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 9 сентябрдаги “Пиллачилик соҳаси корхоналарининг молиявий фаолиятини барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 390-сонли қарорининг 4-бандига кўра «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси корхоналарининг пилла етиштирувчилар билан пилла учун узил-кесил ҳисоб-китоби ҳар йили 1 ноябрдан кечикмай амалга оширилади.
Демак, ҳукуматнинг ушбу қарорига кўра ҳар йили “Ўзбекипаксаноат”нинг жойлардаги пилла боқувчилар ва фермер хўжаликлари билан тузган шартномасининг 4.4-бандида 31 декабргача якуний ҳисоб-китоб қилинади деб тузилган шартнома тўғри келмайди ва бу шартнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 9 сентябрдаги “Пиллачилик соҳаси корхоналарининг молиявий фаолиятини барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 390-сонли қарорининг 4-бандига зид ҳисобланади.
Шунингдек, пилла етиштирувчи фермерлар билан тузилган шартнома Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 26-боби 353-385-моддаларига, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида шартномавий муносабатларни такомиллаштириш ва мажбуриятлар бажарилиши учун томонларнинг жавобгарлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 383-сонли қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан тузилиши лозим эди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 14 июнда 746-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартибининг намунавий қоидалари” ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг IX-боб, 153-164-моддалари талаблари бузилмаган ҳолда пилла етиштирган ишчиларга ҳақ тўланиши лозим эди.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмасига бўйсунувчи корхоналарнинг, жумладан “Интер Силк Про” МЧЖ нинг фермер хўжаликлари билан “Пилла хом-ашёси етказиб бериш хизмати тўғрисида контрактация шартномаси” амалдаги қонунчиликка зид равишда тузилганлиги ва ушба шартномада пилла етиштирувчиларга иш ҳақи тўлаш тартиби аниқ кўрсатилмаган.
Пилла етиштирувчиларнинг машаққатли меҳнати, уларга иш ҳақи тўлашнинг пайсалга солиниши, кўпинча пилла боқувчи 1 қоп ун, 10 кг ёғдан ташқари нақд пул олмаслиги, шунингдек тут шох-шаббаларидан бошқа даромад кўрмаслиги қишлоқ аҳлини пилла боқишдан совутиб юбормоқда.
Пилла топшириш шартномалари бажарилганлиги тўғрисида баландпарвоз хабарлар ортида пилла боқувчининг бир ойдан ортиқ туну-кун тинимсиз меҳнати турганлиги ва шу пиллакорларнинг машаққатли меҳнатига яраша ўз вақтида ҳақ тўлаш ҳақида ўйлаб кўриш вақти келмадимикан?…
Алимов Истак