Adabiyot

Тумор

Эл қочса бировдин, эл ямони бил они,

Аҳволида идбор нишони бил они.

Феъл ичра улус балойи жони бил они,

Олам элининг ямон-ямони бил они.

 

Алишер Навоий

 

Одам бўлиб оғзидан бепарда гап чиқмаган, мўмин-қобил бир йигитнинг бадфеъл, бадкор, беҳаё, қўйинг-чи, беэтак хотини бор экан. Боз устига:

Эл қочса бировдин эл ёмони бил они,
Аҳволида идбор нишони бил они.

деганларидай, бу аёлни худо ногирон – маймоқ қилиб яратган экан. Ўша йигит Эргаш Жуманбулбул ўғлига:

– Шоир бобо, Сиз кўпнинг устида юрган, Хизр кўрган одамсиз. Мен шундай бир балога йўлиққанман, унга худо бас келмаса, бандаси бас келолмайди. Ҳозирнинг ўзида учоворадан чиқдим. Элга қўшилолмай қолдим. Ундан ўлиб ҳам қутулолмайман, шекилли. Нима қилай, айтинг? – деб арз қилибди.

Оқин йигитнинг юз-кўзига қараб раҳми келибди. Сўнг:

– Ёмондин ё қоч-да қутул, ё тон-да қутул!

Сабаби:

Ёмон хотин кўп қилади тақални,
Қирққа кирмай оқартирар соқолни.

деганлар. Мен сизга бир тумор ёзиб берай. Кейин бу туморни келинга беринг. Туморнинг ичидаги байтларни ёдлаб олсин. Ҳадемай одам сонига қўшилиб кетади, – деб мана бу “тумор”ни ёзиб берган эканлар:

Айланайин, маймоғим,
Ачиган сут, қаймоғим.
Сени олгандан кўра
Яхшийди сўйилмоғим.

Фикри саёз, чўлтоғим,
Единг йигитлик чоғим.
Сенинг билан қийинга
Ўхшайди яшамоғим.

Сийин билмас сўйлоғим,
Беҳаё, бебалоғим.
Бу кунларимдан кўра
Афзалдир отилмоғим.

Хом-хатала қуймоғим,
Учмас, тўқсон талоғим.
Бошқа йўли қолмади
Шу – сендан қутулмоғим.

Йигит “тумор”га қандай калималар битилганига қизиқиб, уни бир ўқимишли кишига кўрсатиб маънисини билиб олибди. Сўнг отаси бозордан тўлиб-тошиб келган боладай қувониб, бека деса бекасига, эрка деса эркасига олиб бориб:

– Нима бўлганда ҳам кўз очиб кўрган эрингман, иши кўпам ўнгидан кела бермаган бир пешона шўрингман. Оқшомлари тушингда сўйланиб чиқасан, ўнгингда эса ўйланиб юрасан. Шунга бир афсунгарга бориб тумор қилдириб келдим. Туморда битилган дуоларни ёд олиб кечалари ўқиб ётсанг ҳалиги касалдан, сен кўр, мен кўр демасдан қутулиб кетар экансан. Мен ҳам сендан бирваракайига қутулиб қўя қолар эканман. Гап ана шундай, жонингнинг жон аямас хотиним, – дебди.

Хотин эрдан миннатдор бўлиб, мен ўқишни билмасам не қиламан, деб сўрабди. Сўнг отасининг “Ҳафтияк”ни тушириб, ундан нари ўталмагани эсига тушиб, “чиққан қиз – чийдан ташқари”га – уйларига бориб бироз мақтангандай, бу дунёда эридан яхши одам йўқлигини телба-тескари гаплари билан айтгандай бўлибди. Отаси “тумор”ни очиб кўз югуртирса…

Қуш тилини қуш билади, ит феълини – эгаси. Ўз қизларининг феъл-атворини билган, борган еридан бахт топа билмаслигига кўзи етган шўрлик ота-она саросимага тушиб қолибди. Эр-хотин ғижиллашиб ҳам олибди.

– Бир йигитнинг умрига завол бўлмайлик, хотин. Унингсиз ҳам, жинс-бажинс, кабутар-бакабутар, деганлар. Қизингнинг кимлиги мендан кўра сенга бешбармоқдай аён.

– Ота бўлиб сиз шу гапларни айтиб тургандан кейин етти ёт кимсалар нима дейди?

– Ҳали ҳам не дерини деб бўлди. Қишлокда бош кўтариб юролмай қолдим. Мачитга ҳам ернинг ости билан бориб, ернинг таги билан келаман. Шундай қиз ўстирган сендай хотинни ҳам…

– Ит тумшуғи теккан ерга сув ичгани шер келмас. Ит теккан қизингизни қайта сотиб…

– Ор-номусни ўртага қўйиб айтганда, қизингга ит эмас, шер теккан эди. Ит энди тегади. Тенг тенги билан дегандай.

Қизнинг отаси ҳалол, ростгўй, чапани табиатли киши экан. Онасининг ақли эса ҳаминқадар экан. Бўпти тўполон! Бўпти қиёмати қойим!

Қирғич қозонга, қопқоқ қора ерга, обдаста обрезга, туфдон тузлиққа урилибди. Охир-оқибат эри:

– Менинг-ку умрим шамолга совурилди-кетди. Энди қўй оғзидан чўп олмаган бир йигитни ҳам бу дунёдан куйдириб ўтказмоқчимисан? Ким нима экса шуни ўради. Энди ўзинг пиширган ошингни ўзинг ич, – деб қишлоқ қарияларини чақириб, бор гапни айтиб, тўрт оёқли қизини ашқол-дашқоли билан қайтариб олиб келиб, бир бечора йигитнинг озодликка чиқишига сабабчи бўлиб, хайрли ишга қўл урганини ўзи ҳам билиб-билмай қолган экан.

Тўра Cулаймон “Эргаш Жуманбулбул ўғли эл кезади” туркумидан

Related Articles

Back to top button