Adabiyot

Меҳнат қилиб топилган нон, ҳаттоки ушшоқ ҳам тотли туюлади

Куз. Сарғайган баргларнинг оҳиста-оҳиста ерга тушаётгани, дераза ойналари орқали томоша қилиш, умрни ўтаётганини эслатади гўё. Кечагина 18 баҳорни қаршилаб, олийгоҳ сари йўл олгандим. Мана бугун эса иш бошлаганимга ҳам 10 йил бўлибди. Ҳаёт бошқа хаёл бошқа деганларидек, ишда ҳар куни турли хил воқеаларга, ҳолатларга дуч келаман. Бирига фикр қилсам, бирига шукур қиламан. Яна бирида эса тавба дейишдан нарига ўтолмайман. Кечагина….

– Ҳа, кабинетда ўтириб, кондиционер остида ишлаш кимга ҳам ёқмайди. Ўзи қиладиган ишларинг бир тийинга ҳам қиммат. Қилган бирорта ҳам мурожаатимизни ижобий ҳал этилишига ёрдам бермайсан? Давлатнинг текин ойлик маошини еб ётишдан уялмайсанлар. Сенга амални бериб қўйгандан кейин ишлангинда. Бўзчининг мокисидек, икки ҳафтадан буён мурожаат қилиб келамиз. Биров ечим топишда ёрдам бермайди. Давлат ўқитиб қўйгандан кейин ёрдамни ҳам берингларда. Фақат ўз манфаатларингиз учун ишламасдан. Сенларнинг дастингдан ҳар гал оддий халқ жабр кўриб қолаверади. Нима айбимиз, камбағал бўлганимизми?! Қачонгача, ёрдам сўраб, юрамиз.

Қўшни хонадан «жаранглаб» чиққан бу овоз жуда таниш туюлди. Аввал ҳам қаердадир эшитганман. Аммо, қаерда… Секин қўшни хона томон мўраладим. Қарасам, қўшнимиз экан. Куни кеча, Халқ қабулхонасига бориб ҳам жанжал қилганди. Қабулхона мутахассиси берган ёрдам ва тушунтириш ишларидан қониқмаган шекилли, бугун ҳокимиятга келибди.

– Тинчликми, хола. Кеча қабулхона томонидан ҳомийлик ёрдами кўрсатилмадими?! Мурожаат қилаётганингизни эшитгандим, – дейман тусмолланиб.

– Э, буларнинг бир марталик ёрдами нимага ҳам етарди. Ўзи давлат уларни нега ўқитган, шу бизга ўхшаганларга ёрдам қилсин, деганда аслида. Ўзинг биласан, катта рўзғормиз. Боз устига, ишлатай десам, ҳеч қайси фарзандим ўқимаган. «Қора» иш қилдиришга ғурурим йўл қўймайди. «Қўлдан берганга, қуш тўймас» деганларидек, берган икки қоп унию, 10 литр ёғи бир ойга ҳам етмайди. Бу ёғи қишли-қировли кунлар келяпти. Ҳоким ўлгур ҳеч ёрдам қилай демайди. Анави, қўнғиз муйлов маҳалла раиси тунов куни бориб, «Икки ўғлингиз келинларингиз билан пахта терса, яхшигина пул топади. Мавсумий иш бўлса. Терим сўнггида фермер ўтиндан ҳам ёрдам қилади. Идорама-идора юриб, бировдан ёрдам сўраб юришингизга ҳам ҳожат йўқ», дейди. Телевизорда ҳаммага ёрдам қўлини чўзаётган раҳбарларнинг бирортаси бизнинг холимиздан хабар олмайди-я. Ёки бирорта блогер топиб интернетга чиқишимни кутишяптими. Ўтган йили икки кўча наридаги қўшнимиз, блогерга 500 минг бериб, интернетга чиқиб муаммосини айтганди, икки кунга қолмай, зир югуриб ҳал қилиб беришганди. Ўзи андиша қилмасдан мен ҳам блогерга 500 минг сўм берсам, барча муаммоларимни ёзиб чиқаради.

– Бу нима деганингиз. Арзимаган муаммоларингизни ўзингиз ҳам ҳал қилсангиз бўладику. Ўғилларингиз ва келинларингиз соғлом, бақувват бўлса.  «Кўпдан қуён қочиб қутилмас» деганларидек, бир ой пахта терса, оламжон пул топади. Ўқимаганига яраша, даладан пахта терса ҳам яхшигина даромадли бўладику. Қолаверса, маҳалладан 4 нафар набирангиз учун болалар пули олаётган бўлсангиз, ўзингиз ҳам «Аёллар дафтари»га киритилганингиз учун тадбиркорлик қиламан, деб имтиёзли кредит олдингиз шекилли. Маҳалла раиси ҳар сизни байрамлардан йўқлаб туриши ҳеч кимга сир эмаску. Яқинда фермерлар томонидан ҳам сизларга ҳомийлик ёрдами кўрсатилган бўлса. Қачонгача, бировдан ёрдам сўраб юрасиз.

– Иееее. Бу нима деганинг. Сен маза қилиб, давлатнинг беминнат ойлигини олиб, кондиционерли хонада ишлаб ўтирасану, менинг ўғилларим пахта терадими?! Улар уй-рўзғор ишларидан ортмайди. Эрталабдан ҳовлига сув-сепиб супураётган, икки маҳал овқат қилаётганлар ҳам келинларим бўлса. Ҳеч ким уларга ёрдам бермайди. Бор йўғи иккитагина келиним ўзи қорачадан келган бўлса, пахта териб яна ҳамм қорайиб кетишсинми энди. Ота бобом қилмаган тадбиркорликни мен қандай эплайман.  Кредитни тадбиркорлик қилиш учун эмас, аслида тўй қилиш учун олгандим. Гапимнинг уддасидан чиқиб, тўй қилдимку. Ҳали олти ойдан кейин уни ўзим тўлашим ҳам керак. Билмайман, ким менга тўлашади. Ўзи менга қара, сен ҳам ёрдам қилиб юборсанг бўладику. Сени туппа-тузук қиз деб юрардим. Адашган эканман. Сен менинг ёнимни олиб, ёрдам бериш ўрнига раҳбарларингга яхши кўриниб ўтирибсан. Ўзи сен ҳам…

–Ҳурматли фуқаро, сизнинг аризангиз юзасидан раҳбар чақиряпти, —  дея котиба холани эргаштириб кетди.

Тўғриси, холанинг гапларига кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмай қолдим. Аслида, мен мусофир юртда 4 йил қишнинг қировли кунларида, ёзнинг жазирама иссиғида қаттиққўл устозларнинг ортидан югуриб юрганимда, ўқишга кеч қолмай деб, автобус ортидан югурганимда, шартнома пулларини ўз вақтида тўлаш учун эшикма-эшик иш излаб топганимда, бугун давлатдан ёрдам сўраб юрганлар мазза қилиб ўйнаб-кулган эмасми?! Улар иссиққина уйда ота-онасининг бағрида ўтирганда, мени ота-она соғинчи ўртаганку. Наҳотки, уларнинг билимсиз бўлиб қолишию, бугун меҳнат қилгиси келмай қолганига биз айбдор бўлсак. Не-не азоб-уқубатда ўқиганимизда, ижара пулини тўлолмай, ижарама-ижара юрганимизда бугун биздан норози бўлиб шикоят аризаси ёзаётганлар қаерда эди. Шартнома пулини тўлолмай, икки ҳафта дарсга киролмай турганимизда, ярим соат кеч қолганимиз туфайли қаттиққўл домлар дарсига киритмаганда, дераза ортидан маърузаларни тинглаганимизда нега улар бизнинг дардимизга дармон бўлмади. Тушликка пул тополмай қолганимиздачи…

Шукроналик билан барча қийинчиликларни сабр бардош билан енгдик. Ота-онамизга оғиримиз тушмасин деб бир вақтнинг ўзида ўқиш билан бирга меҳнатнинг «Қора оқига» қарамай ишладик. Бугун бир амаллаб олган билимимиз туфайли машаққат билан вазифамизни астойдил бажараётганимизда айрим боқиманда ҳамюртларимизнинг дашномини эшитишимиз оғир. Билагида куч-қуввати бўла туриб, онасини идорама-идора ёрдам сўрашга юборган алпқомат эркакларимизга қойил.

«Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас» деганларидек, кимнингдир миннатли, кимнингдир беминнат қилган ёрдами билан қаерга ҳам борарди. Астойдил, машаққат билан меҳнат қилиб топилган ризқ оилага файз, барака олиб киради. Зеро, меҳнат қилиб топилган нон, ҳаттоки ушшоқ ҳам тотли туюлади кишига.

 Нигина ШОЕВА, журналист

Related Articles

Back to top button