Конституция-адолат қўрғони

Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги Конституциясида инсонларнинг яшаш ҳуқуқларига алоҳида эътибор берилган. Жумладан, VII-бобида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилиниши, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят эканлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида ҳаётга қарши жиноятлар, яъни қасддан одам ўлдириш энг оғир жиноят ҳисобланиб, жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатдарда умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши мумкин.
Ўзбекистонда 2008 йилда барча жиноятлар учун ўлим жазоси бекор қилинган. Бу қоида жиноят қонунчилигида белгиланган бўлса, эндиликда Конституциямизда кафолатланди. Ўлим жазоси тақиқланишининг конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини ифодалайди.
Давлатимиз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканини бутун дунёга яққол намоён қилмоқда.
Бугунги кунда 106 давлатда, яъни Канада, Аргентина, Дания, Франция, Италия, Норвегия, Швеция, Болгария, Польша кабиларда ўлим жазоси барча жиноятлар учун бекор қилинган.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда 54 та давлатда ўлим жазоси мавжуд. Айрим давлатлар эса ўз тажрибасида ўлим жазосини қонунлар билан бекор қилса-да, Конституциясида бўлмагани боис, уни жазо сифатида қайта тиклаш ҳолатлари ҳам кузатилган.
Ўзбекистон Республикасида демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган аксарият давлатлар қаторида ўлим жазоси бекор қилинган. Бу борада юртимиздаги ҳуқуқий ўзгаришлар эса демократик ислоҳотлар ва инсонпарварлик йўлида собит эканининг яққол ифодасидир.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман суди тергов судьяси
Ш.Қодиров


