Madaniyat

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабр кунидаги ПФ-256-сонли “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”Фармони хусусида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабр кунидаги ПФ-256-сонли “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”Фармони билан 2026 — 2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси ва Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини 2026-2027 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тадиқланди.

Фармонга кўра 2026 йил 1 февралдан бошлаб:    

а)зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.

Бунда:

Профессионал  тутинган оилани ташкил этишга номзодлар зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалардаги (кейинги ўринларда — ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар) зўравонлик натижасида олинган руҳий жароҳатнинг салбий таъсирини камайтириш, хулқ-атворидаги оғишишларни ёки оила аъзолари, тенгдошлари билан муносабатларидаги бузилишларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади;

Зўравонлик  натижасида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади;

Профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади;

Профессионал  тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари учун белгиланган миқдорларда маблағ ажратилади;

Фармонга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан:

Зўравонликдан  жабрланган болаларга ва зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга улар тегишли процессуал хатти-ҳаракатларга жалб этилган вақтдан эътиборан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади;

Зўравонликдан  жабрланган болаларнинг дастлабки кўрсатувлари мажбурий тартибда видеоёзув орқали қайд этилади;

Таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилотлари ходимлари томонидан болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ аниқланган фактлар ҳақида хабар бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади.

2026 йил 1 мартдан “Инсон” марказларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари учун “меҳрли оила” хизмати ташкил этилади.

“Меҳрли оила” хизматига ота-оналар Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) комиссияларининг қарори асосида жалб қилинади.

“Меҳрли оила” хизматига жалб қилинган ота-оналарга фарзандларининг оиласи билан бузилган муносабатларни тиклаш ва уларнинг ижтимоийлашувига кўмаклашиш учун “оилавий терапия” хизматлари бепул кўрсатилади.

Фармонга кўра, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар айрим белгиланган таълим ташкилотларига Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссияси қарорига кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг йўлланмасига мувофиқ жойлаштирилиши мумкин.

Стратегияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришиш режалаштирилган:

Болаларни  зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, зўравонликдан жабрланган ёки ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болаларни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий қўллаб-қувватлашга доир муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари, халқаро ва маҳаллий стандартлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилади;

Болаларни  зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳолатларини эрта аниқлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлар ўртасида самарали идоралараро ҳамкорлик тизими йўлга қўйилади;

Болаларга  нисбатан зўравонлик ҳолатини аниқлаш, баҳолаш, хабар бериш, таъсир чорасини қўллаш, давлат томонидан кафолатланган хизматлар кўрсатиш, реабилитация қилиш ва мослаштиришнинг яхлит интеграциялашган тизими яратилади;

Зўравонликдан  жабрланган ёки ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар ва уларнинг оилаларига маҳалла, туман (шаҳар) ва вилоят даражасида ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва бошқа хизматлар кўрсатиш тизими йўлга қўйилади;

Зўравонликдан  жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларни ҳимоя қилиш ва уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизмат кўрсатиш қоидалари (стандартлари) ишлаб чиқилади, процессуал ҳаракатлар давомида болаларнинг ҳуқуқлари кафолатланган одил судлов тизими жорий этилади;

Жамиятда болаларга нисбатан зўравонликни қўллаб-қувватловчи стереотиплар ўзгартирилади, зўравонликка қарши тоқатсизлик маданияти шакллантирилади, зўравонлик учун жавобгарлик муқаррарлиги таъминланади;

Ижобий хорижий тажрибалар асосида мамлакатда болаларга нисбатан ғамхўр, кўмаклашувчи ва қўллаб-қувватлайдиган тизим шакллантирилади.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман суди тергов судьяси

Ш. Қодиров

Related Articles

Back to top button