Жиноятга жазо муқаррар

Маънавияти нуқсонли бўлган киши борки, хатти-ҳаракати оқибатини ўйламай иш қилиб, жиноятчи, деган тамғани орттириб олади. Бугун эътиборингизга ҳавола этилаётган жиноят тафсилоти иштирокчи ҳам бир оилага бош, 5 нафар фарзандларининг отаси.
Афсуски, жиноят йўлини танлаган инсон жисмонан соғлом, тоғни урса талқон қиладиган навқирон ёшда. Бироқ, у оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтишни афзал кўрган одам.
Иш ҳолатига кўра, судланувчи Алимов Шариф (исми шарифи ўзгартирилган) ўзганинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиб, моддий манфаат кўриш мақсадида, 2022 йил 18 август куни Сариосиё тумани “Сарижар” маҳалласида яшовчи фуқаро Ибодов Салим (исми шарифи ўзгартирилган) билан учрашиб, унга жами 71 бош эчкиларини ҳар бирини 850 000 (саккиз юз эллик минг) сўмдан сотиб олишини, мазкур эчкиларининг пулларини 2023 йил 18 август кунига қадар тўлиқ беришини ваъда қилиб, Ибодов Салимнинг ишончига кириб, унинг анча миқдордаги жами 60 350 000 сўмлик мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, уларни дастлабки терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган ҳолатда ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб, Ибодов Салимга ваъда қилинган пулларни бермасдан алдаб кетган.
Судда судланган Алимов Шариф айбига қисамн иқрор ва пушаймонлик билдириб суддан қонуний енгиллик беришни сўраган.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди томонидан кўриб чиқилиб, иш ҳужжатлари атрофлича ўрганилиб, суднинг 2024 йил 8 октябрь кунидаги ҳукмига кўра, Алимов Шарифга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “а” банди билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, судланувчи Ш.Алимов томонидан етказилган моддий зарарни қоплаш учун 17.07.2024 йилдаги тўлов квитанцияси асосида Сурхондарё вилоят ИИБ депозит ҳисоб рақамига топширилган 50 694 000 сўм пул маблағини жабрланувчи Ибодов Салимнинг ҳисобига ўтказиш ҳамда суд ҳукми қонуний кучга киргач судланувчи А.Оқбоевдан жабрланувчи Ибодов Салимнинг фойдасига 34 506 000 сўм ундириш белгиланган.
Жиноят иши Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида судланувчи Алимов Шарифнинг ҳимоячиси билан биргаликдаги ва жабрланувчи Ибодов Салим томонидан апелляция тартибида берилган шикоятларига асосан 2024 йил ноябрь ойининг 7 куни кўриб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг 2024 йил 8 октябрь кунидаги ҳукми ўзгаришсиз, шикоятлар қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Мана кўза кунда эмас, кунида синадиган кун келди. Қонуннинг қўли узун, нигоҳлари ўткир. Унинг назаридан, қатъий талабидан, қолаверса, жазодан қочиб қутилиб бўлмайди.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича
судлов ҳайъати судьяси
Ж.Худойбердиев




