Қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар тушунчаси

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 10-моддасида “Жавобгарликнингмуқаррарлигипринципи” келтириб ўтилган бўлиб, унга кўра қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт деб белгиланган.
Бироқ жиноят ҳуқуқида ушбу ҳаракатларни истисно этадиган ҳолатлар ҳам мавжуд. Яъни қилмишда Жиноят кодексида назарда тутилган аломатлар расмий жиҳатдан мавжуд бўлса-да, лекин у ижтимоий хавфли, ғайриқонуний ёки айбли бўлмаса, қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар деб топилади, деб Жиноят кодексининг 35-моддасида кўрсатиб ўтилган.
Шунга кўра, қуйидаги ҳолатлар, яъни кам аҳамиятли қилмишлар, зарурий мудофаа, охирги зарурат, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш чоғида зарар етказиш, буйруқни ёки бошқача тарздаги вазифани бажариш, касб ёки хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган асосли таваккалчилик, жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд қўрқитиш натижасида қилмиш содир этиш жиноятни истисно қилувчи ҳолатлар деб топилади.
Жиноят кодексининг 36-моддасида кам аҳамиятли қилмишлар тушунчаси бериб ўтилган бўлиб, унга кўра Жиноят кодексида жиноят сифатида назарда тутилган қилмишнинг аломатлари мавжуд бўлса-да, ўзининг кам аҳамиятлилиги туфайли ижтимоий хавфли бўлмаган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик жиноят деб топилмайди.
Бундан ташқари, ушбу кодекснинг 37-моддасида эса зарурий мудофаа ҳолатида содир этилган, яъни мудофааланувчи ёхуд бошқа кишининг шахси ёки ҳуқуқларини, жамият ёки давлат манфаатларини қонунга хилоф тажовузлардан тажовузчига зарар етказган ҳолда ҳимоя қилиш чоғида қилинган ҳаракат, агар зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмайди, деб кўрсатилган.
Шунингдек, охирги зарурат ҳолатида, яъни шахснинг ёки бошқа фуқароларнинг шахсига ёхуд ҳуқуқларига, жамият ёки давлат манфаатларига таҳдид солувчи хавфни қайтариш учун қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга зарар етказган ҳолда содир этилган қилмиш, башарти, шу хавфни ўша ҳолатда бошқа чоралар билан қайтаришнинг иложи бўлмаса ҳамда келтирилган зарар олди олинган зарарга қараганда камроқ бўлса, жиноят деб топилмаслиги Жиноят кодексининг 38-моддасида таъриф бериб ўтилган.
Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ҳокимият органларига топшириш мақсадида ушлаш вақтида унга зарар етказиш, агар уни ушлаш учун зарур бўлган чораларнинг чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмаслиги кодексининг 39-моддасида тушунтириш бериб ўтилган.
Шахснинг буйруқ ёки бошқа фармойишни, шунингдек мансаб вазифаларини қонунан бажариши туфайли зарар етказилган бўлса, жиноят деб топилмаслиги, ижтимоий фойдали мақсадга эришиш учун касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик қилиб, ҳуқуқлар ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларга зарар етказиш жиноят деб топилмаслиги, жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд шундай мажбурлашни қўллаш билан қўрқитиш натижасида жиноят кодекси билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга зарар етказилиши, агар бундай мажбурлаш ёхуд қўрқитиш оқибатида шахс ўз ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) бошқара олмаган бўлса, жиноят ҳисобланмаслиги ҳам жиноят ҳуқуқидақилмишнинг жиноят эканлигини истисно этувчи ҳолатлар саналади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ҳар бир шахс фақат қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлади.
Вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси
Б.Нормуродов




