396-сон қарорининг мазмун-моҳиятини ходимларга етказилди

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2026 йил 21 июль куни қабул қилинган 396-сон қарорининг мазмун-моҳиятини ходимларга етказиш мақсадида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хислат Чориев сўзга чиқиб, қарор моҳияти ҳақида тўлиқ тўхталиб ўтди. Тадбир давомида мазкур қарорнинг қабул қилиниши мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, давлат назоратининг самарадорлигини ошириш ҳамда соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни замон талаблари асосида тартибга солишга хизмат қилиши таъкидланди.
Мазкур ҳуқуқий хужжатда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан қандай чоралар кўрилиши, озиқ-овқат балансини шакллантириш, истеъмолчиларнинг ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Уни амалиётга татбиқ этилиши мамлакатдаги озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормаларни ягона ҳужжатга унификация қилиш ва тизимлаштиришга ҳамда ушбу соҳадаги муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солишга хизмат қилиши қайд этилди.
— Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси фаолиятини ташкил этиш, унинг ваколатлари, вазифалари ва давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини белгилаб берувчи қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тасдиқланган. Бу эса озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги ва сифати устидан назоратни кучайтириш, фитосанитар хавфларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади. Энг асосийси, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасини тартибга солиш мустаҳкамланмоқда, -деди вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош юрист консульти Отажон Имомов.
Йиғилишда қарорда белгиланган талаб ва вазифаларнинг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими фаолияти билан боғлиқ жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, импорт ва экспорт қилинадиган ўсимлик маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотларининг фитосанитар хавфсизлигини таъминлаш, лаборатория назоратини такомиллаштириш, хавфларни баҳолаш ва мониторинг ишларини кучайтириш, шунингдек, соҳадаги масъул ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.






