O`zbekiston

Ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган

Бугун, 24 май куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг йигирма олтинчи ялпи мажлис олдидан мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Қўмита раиси Қ.Бурхонов, Қўмита аъзолари, экспертлар гуруҳи ва тегишли вазирлик ва идора вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар бирма-бир муҳокама қилинди.

Шунингдек, мамлакатимизда “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси, хусусан, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сенаторлар бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида мазкур тармоқда қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлиги аниқланган.

2020 ва 2021 йилларда ҳамда 2022 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда 8 миллиондан ортиқ хонадонларда иситиш тизимлари, дудбуронлар кўрикдан ўтказилган ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилган.

Шу билан бирга, мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ОАВ, маҳаллалар, таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналарда тарғибот тадбирлари ўтказилган.

Прокуратура органлари томонидан 105 та текшириш ўтказилган. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан мутасадди ташкилотларга 30 дан ортиқ тақдимнома, 25 тадан зиёд огоҳлантирувлар киритилиб, 25 нафар шахс интизомий ва 4 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Сенаторлар қайд этишича, ўтказилаётган профилактик тадбирлар етарли даражада ўз самарасини бермаган. Оқибатда 2020 йилдан 2022 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган. Натижада 366 нафар фуқаро вафот этган ва 307 нафар шахс турли даражада жароҳатланган.

Сенаторлар қайд этишича, ўтказилаётган профилактик тадбирлар етарли даражада ўз самарасини бермаган. Оқибатда 2020 йилдан 2022 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган. Натижада 366 нафар фуқаро вафот этган ва 307 нафар шахс турли даражада жароҳатланган.

Шунингдек, миллий қонунчиликда ис гази чиқиши, уни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш, аҳолини муҳофаза қилиш, хусусан, заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш борасидаги муносабатларни ўзида ифода этувчи яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги ҳам тармоқда ижобий ўзгариш бўлмаётганлигига бир сабаб сифатида айтиб ўтилди.

Хусусан, амалдаги қонунчиликда ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга масъул бўлган ваколатли давлат органи аниқ белгиланмаган. Натижада бу борада амалиётда тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда.

Таъкидланишича, ис газининг чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар асосан кўп квартирали уйларда юзага келмоқда.

Шунингдек, сенатор Самарқанд вилоятида олиб борган ўрганишлари натижаларини ҳам алоҳида айтиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Related Articles

Back to top button