Kasbim-faxrim

“ҚОВУН ПАШШАСИ” ХАВФЛИ ЗАРАРКУНАНДА

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонида республика ҳудудида карантиндаги ва бошқа зарарли организмларга қарши ўз вақтида кураш тадбирларини ташкиллаштириш ҳамда фитосанитар хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 7 июлдан 7 августига қадар “Долзарб ўттиз кунлик” ойлиги деб эълон қилинди. “Долзарб ўттиз кунлик” тадбирлар доирасида мевали боғларда учрайдиган “Шарқ мевахўри” ҳамда полиз экинларидаги “Қовун пашшаси” зараркунандалари ҳамда маданий ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир қиладиган “Зарпечак”, “Судралувчи какра” бегона ўтларига оммавий профилактика ва қарши курашиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўз вақтида агротехник тадбирларга ва ўсимликлар ривожига эътибор қилмаслик иқтисодий зарарларга,  талофатларга олиб келади. Қовун пашшаси икки қанотли ҳашаротлар туркумига мансуб, қовоқдошларга мансуб ўсимликларнинг хавфли зараркунандасидир. Бундай зараркунанда тарқалган ҳудудларда экинларнинг шикастланиш даражаси жуда юқори бўлади – ҳосилнинг йўқолиш эҳтимоли 20 фоиздан 100 фоизгача.

Ҳашарот қиш мавсумида 5-15 сантиметр тупроқ остида сохта ғумбак ҳолида қишлайди. Май-июн ойларида, яъни қовун палакларининг гуллаши ва мева тугиши даврида учиб чиқади. Биринчи авлоднинг учиш муддати бир ой атрофида бўлади. Пашша қовун ёки тарвузнинг ёш ниҳоллари шираси билан озиқланади. Ҳар бир етилган наслдан кейин зараркунандаларда 23-30 кундан сўнг яна насл пайдо бўлади. Битта пашша қовун пўсти остига бир дона, ҳаммаси бўлиб 120 донагача тухум қўяди. 3-4 кундан сўнг тухумдан қурт чиқиб, қовун (тарвуз)нинг юмшоқ қатламига илонизи йўл қолдирган ҳолда кириб боради.  Қурт қовун ичида 10 кун атрофида яшагандан сўнг у ерни тарк этади ва 15 сантиметр чуқурликда, тупроқ ичида ғумбакка айланади. Оқибатда қовунлар пишмасдан далада чириб, айниб кетади.

Бу ҳашаротга қарши курашда аввало, агротехник тадбирлар сифатли ўтказилиши шарт. Феромон тутқичлар ёрдамида ҳашаротлар борлигини аниқлаб олгандан сўнг рухсат этилган инсектицидлар ёрдамида ишлов берилади. Зарарланган қовунлар ва ўсимлик қолдиқлари тезликда йиғиб, кўмиб юборилади. Ер кеч кузда чуқур ҳайдалади, қиш ойларида суғориб музлатилади. Экишдан олдин уруғлар дориланади. Уруғлар униб чиқиши, гуллаши ва хамаклаш даврида инсектицидлар эритмалари пуркалади.

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари ва туман давлат карантин инспекторлари томонидан ҳудудлардаги полиз далалари ҳамда мевали боғларда семинар ташкил этилиб, “Қовун пашшаси” зараркунандасига ҳамда маданий ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига салбий таъсир этадиган “Зарпечак” ва “Судралувчи какра” бегона ўтларига қарши курашиш юзасидан тавсиялар берилмоқда.

Бахтиёр Тошбоев,

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси  мутахассиси

 

Related Articles

Back to top button