Bu qiziq

Давлат органларининг мансабдор шахс бўлмаган хизматчилари ўртасида коррупцияга қарши курашишнинг жиҳатлари

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида нафақат давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг пора олганлиги ёки уларга пора берганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд, балки давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши учун жавобгарлик ҳам мавжуд.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 214-моддаси “Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши” деб номланади.

Мазкур модда давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши учун жиноий жавобгарлик белгилайди.

Ушбу модданинг 1-қисмида, давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.

Ушбу модданинг 2,3 ва 4-қисмларида шундай ҳаракатлар оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилганида жавобгарлик белгиланган ва бунда энг оғир жазо беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Хулоса шуки, қонунлар ҳақида етарли тушунчага эга бўлиш барчамизнинг маънавий бурчимиз ҳисобланиб, ушбу ҳолат қонунийликни таъминлашга ва коррупцияни олдини олишга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят суди жиноят

         ишлари бўйича судьяси М.Маликов

Related Articles

Back to top button