СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИДА МУҲИМ ҚАДАМ — ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ 2025 ЙИЛ 9 ИЮНДАГИ ЎРҚ-1067-СОН ҚОНУНИ МОҲИЯТИ ҲАҚИДА

Мамлакатимизда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини кафолатлашга қаратилган. Мазкур жараённинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2025 йил 9 июнда «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1067-сонли Қонун қабул қилинди.
Ушбу қонун 2025 йил 10 июндан эътиборан кучга кириб, суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, одил судловни амалга ошириш самарадорлигини ошириш ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоя механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қонуннинг асосий мақсади – янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ равишда амалдаги қонун ҳужжатларини мослаштириш, судлар фаолиятини замон талабларига мувофиқ қайта ташкил этиш, суд жараёнларида шаффофлик ва холисликни таъминлаш, шунингдек судьялар мустақиллиги ва масъулиятини кучайтиришдан иборатдир.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятлари кенгайтирилди. Қонун ҳужжатида судларда ахборот технологияларини жорий этиш, фуқаролар учун ҳуқуқий ечим топишда қулай шарт-шароит яратиш каби бир қатор муҳим масалалар қамраб олинган.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасида қонун устуворлиги, адолат принципларига асосланган ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро судининг судяси
Туранов Қаҳрамон Холназарович




