Қонун ижодкорлиги жараёнидаги янги босқич: шаффофлик ва самарадорлик сари қадам

Юртимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари давлатимиз раҳбарининг «Қонун устуворлиги – адолат мезони» деган тамойили асосида амалга оширилмоқда. 2025 йил 10 апрель куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1054-сонли Қонуни бу жараёнда янги босқични белгилаб берди. Мазкур қонун билан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, муҳокама қилиш ва парламентга тақдим этиш жараёнларига бир қатор муҳим ўзгаришлар киритилди.
Қонуннинг асосий мақсад ва вазифалари
Қонуннинг бош мақсади — қонун ижодкорлиги жараёнида шаффофликни таъминлаш, қонун лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси ва жамоатчилик муҳокамаси орқали уларнинг сифатини оширишдан иборат. Бу эса қабул қилинаётган қонунларнинг жамият манфаатларига мос бўлишини кафолатлайди.
Қонуннинг асосий янгиликлари
1. Экспертиза натижаларининг мажбурийлиги
Қонунга кўра, эндиликда ҳар бир қонун лойиҳаси парламентга киритилишидан аввал:
Ҳуқуқий экспертиза,
Коррупцияга қарши экспертиза,
Жамоатчилик муҳокамаси натижалари
илова қилиниши шарт. Бу талаблар, аввало, қонунларнинг конституция ва амалдаги қонунлар билан мувофиқлигини таъминлаш, коррупция омилларини бартараф этиш ва фуқаролар фикрини инобатга олишни назарда тутади.
2. Қонун лойиҳасини чақириб олиш ҳуқуқи
Яна бир муҳим янгилик — қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлар (Президент, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқалар) иккинчи ўқишгача ўзлари киритган қонун лойиҳасини чақириб олиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу орқали лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш имконияти пайдо бўлди.
3. Жамоатчилик иштирокининг кучайтирилиши
Қонун жамоатчилик муҳокамаларини кучайтиришга катта эътибор қаратади. Қонун лойиҳалари очиқ муҳокамаларга қўйилиб, фуқаролар ва ННТлар таклифларини билдириш имконига эга бўладилар. Бу эса қонун ижодкорлигида фуқаролик жамиятининг иштироки орқали унинг нуфузи ва сифатини оширади.
Хулоса
ЎРҚ-1054-сонли Қонун қабул қилиниши билан қонун ижодкорлиги жараёнида сифат, ошкоралик ва самарадорлик каби принциплар мустаҳкамланди. Жамоатчилик муҳокамаси ва экспертизалар орқали қонунлар реал ҳаёт талабларига мос равишда шакллантирилиши таъминланади. Бу эса давлат бошқарувида фуқароларнинг фаол иштироки учун янги имкониятларни яратади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро судининг судьяси
Туранов Қаҳрамон Холназарович




