Madaniyat

КОРРУПЦИЯ – ЖАМИЯТ КУШАНДАСИ

Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида  бўлиб ўтган йиғилишда ушбу иллат ва унинг салбий оқибатлари  ҳақида сўз борди. Унда бошқарма бошлиғининг ўринбосари Х.Чориев сўзга чиқиб, “9-декабр-Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” деб белгиланганлиги, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учраётганлиги ҳақида тўхталди. Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.Шу боисдан ҳам давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди, — дея таъкидланди.

Йиғилишда сўз олган Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош юрист консулти Отажон Имомов ҳам мамлакатимизда қонун  доирасидаги олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. Ушбу қонун меъёрларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида ҳар йили бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб келмоқда.Умуман олганда, сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди, деди маърузачи. Таъкидландики, бошқарма тизимидаги барча мутахассислар ва туман бўлими карантин инспекторлари билан ҳам ушбу қонунчилик нормалари, пора олишнинг салбий оқибатлари тушунтириб келинмоқда.

Дарҳақиқат, ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини ошириш, муҳим ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўламини янада кенгайтириш, улардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадидаЎзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги ПФ-200-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.Мазкур фармон билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди ва ушбу дастурда амалга ошириладиган чора тадбирлар, уларнинг амалга ошириш механизми ва масъул ижрочилар белгилаб берилди.Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди. Қачонки, барча фуқароларимиз, жамият унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон жамиятда адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳужжат ҳисобланади. Адолат устувор бўлган мамлакатда эса тараққиёт, халқ фаровонлиги ва  ислоҳотлар самараси таъминланади.

Отажон Имомов

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси

бош юрист консули

 

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button