Жиноий уюшмалар олиб борадиган жиноий фаолият кўринишлари
Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 29-моддасида, икки ёки ундан ортиқ уюшган гуруҳнинг жиноий фаолият билан шуғулланиш учун олдиндан бирлашиши “жиноий уюшма” деб топилиши қайд этилган. Ва мамлакатимизда бу турдаги жиноятга қарши курашиш ҳам худди бошқа жиноятларга қарши курашиш каби кескиндир.
Дунё малакатлари тажрибасида жиноий уюшмалар олиб борадиган жиноий фаолиятлар қуйидаги кўринишларда намоён бўлади:
-жиноий фаолиятларини даромадли йўлларга бошлаш мақсадида ва омадсиз ҳоллардан чиқиб кетиш учун зарур бўлган ахборотларни тўплаш;
-давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлари фаолиятини сусайтириш ва мунтазам равишда коррупция тизимини ривожлантириб бориш;
-давлатда мавжуд бўлган ижтимоий-иқтисодий институтлар ва шароитлардан фойдаланган ҳолда ўз жиноий фаолиятларини қонунийлик даражасига кўтариш;
-ўз қудратларини доимий равишда тарғиб қилиш;
-уюшган жиноятчиликнинг бу каби таркибини бошқаришда «тутинган оталар» ва бошқа раҳбарлар учун бирор-бир жиноят ёки
хатти-ҳаракатнинг содир этилишига иштирок этмасликни таъминлайди;
-бирор-бир ҳудуд ёки соҳада ўзларининг ғаразли мақсадлари асосида назорат ўрнатиш (ҳокимият) учун турли жиноятлар (қасддан, куч ишлатиб, мансабдорлик кабилар)ни содир этиш.
Ҳозирги кунда уюшган жиноятчиликка қарши курашиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органларининг ҳар бир ходими уюшган жиноятчиликнинг қуйидаги ўзига хос жиҳатларини билишлари зарур:
-аниқ ташкил этилган ташкилий-бошқарув тизими, гуруҳларнинг қатъий бўйсуниши, гуруҳ аъзоларининг ҳар бири учун умумий бўлган интизом ва жавобгарлик асослари, жазо ва тақдирлаш тизимининг мавжудлиги ҳамда буларнинг ҳар бирига амал қилиниши;
-жиноий фаолиятнинг, айниқса мулкни ўғирлаш ва ўзлаштиришда, муқим, режали, хуфиёна амалга оширилиши, мансабдор шахсларни пул эвазига ўз томонига оғдириш, умумий мақсадга эга бўлиш, оз миқдорда хавф мавжудлигига эришган ҳолда юқори даромад орттиришга эришиш кабилар;
-жамият амалга оширадиган барча назоратларни режа асосида бартараф этиш ва шу мақсадда разведка ҳамда аксилразведка олиб бориш орқали жиноятчиликка қарши курашувчи органларнинг режаларини барбод қилиш, шу билан бирга, унга қарши туриш мақсадида зарур чоралар кўриш (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат этувчи органларнинг ходимларини пул эвазига ўз томонларига оғдириш,
аста-секин давлат бошқарув органларига суқилиб кириш);
-мулкни ўзлаштириш фаолиятини кенгайтириш, баъзи амалдорларга пора бериш, жиноий уюшмаларнинг аъзоларини моддий жиҳатдан таъминлаб туриш, умумий жиноятга хос жиноий унсурларни пул билан таъминлаш мақсадида молиявий фондлар маблағларини ўз жиноий фаолиятларининг қўллаб-қувватланишига жалб этиш;
-ўз фаолият йўналишларини ривожлантириш (жиноий гуруҳлар фаолиятларини халқ хўжалигининг турли йўналишларида фаолият кўрсатувчи ихтисослашган кооперацияларини ташкил этишга йўналтириш, «қора бозор» орқали ўз товарларини сотиш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш, фоҳишабозлик ва гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ҳамда сотишни ташкил этиш;
-уюшган жиноятчилик гуруҳлари йўлбошчиларининг жиноий гуруҳларда, шу жумладан жазони ижро этиш муассасаларида жиноий жазони ўтаётган жиноий уюшмаларнинг аъзоларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга чақиришга асосланган ғоявий тарғиботни йўлга қўйиш кабилар.
Уюшган жиноятчиликнинг ўзига хос жиҳатлари:
-хуфиёна (нолегал ва жиноий) ва иқтисодий манбаларнинг мавжудлиги;
-ҳокимият органлари ва давлат бошқаруви тизимида коррупцияга асосланган алоқаларни йўлга қўйиш (шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида), ҳокимият органларига керакли кимсаларни кўтариш ва қўллаб-қувватлаш, имкон борича жиноятчиларнинг ўзлари шу даражага эришишга ҳаракат қилишлари (бу ўринда жиноят оламининг сиёсий манфаатлари намоён бўлади);
-ўз таъсир доираларидаги ҳудудни кенгайтириш (ҳудуд ва тармоқларни бутунлай эгаллаш, чет давлатлардан «ҳамтовоқлар» топиш);
-ўз ғаразли мақсадлари йўлида оммавий ахборот воситалари тизимига кириш ва ўзларини жамоатчиликка яхши кўрсатишни тарғиб қилиш;
-уюшган гуруҳларда қурол-яроғ ва бошқа зарур махсус техника воситаларининг мавжудлиги;
-ўзаро мувофиқлашган фаолиятларида имкон даражасида кўпроқ даромад олишга бўлган мақсаднинг мавжудлиги кабилар.
Мақолани ёзишда интернет маълумотларидан фойдаланилди.
Сурхондарё вилоят суди
судья катта ёрдамчиси Ж.Маматалиев