Bu qiziq
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва АТ Халқ банкининг ҚЎШМА МУРОЖААТИ
Қадрли пенсия ва нафақа олувчилар, ҳурматли фуқаролар!
Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси ва Коронавируснинг тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус штабининг қўшма йиғилиши баёнига асосан, мамлакатимизда эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар май ойидан пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича банк карталарига ўтказиш орқали амалга ошириш чорасини кўриш бўйича қарор қабул қилинган. Мазкур қарордаги ушбу вазифалар Пенсия жамғармаси
ва АТ Халқ банки зиммасига юклатилган.
Шу боис, жорий йилнинг май ойидан бошлаб Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида истиқомат қилувчи пенсия ва нафақа олувчиларга АТ Халқ банки томонидан банк карталари тўлиқ очилди. Ўз навбатида, Пенсия жамғармаси томонидан пенсия ва нафақалар учун 1,4 трлн. сўм миқдоридаги маблағлар тўлиқ молиялаштириб берилди.
Бир вақтнинг ўзида 480 мингдан ортиқ пенсия ва нафақаларни банк карталарига юкланиши АТ Халқ банкининг электрон ахборот тизимида юқори даражада юклама келтиришига сабаб бўлди. Яъни, Пенсия жамғармаси томонидан ҳар бир пенсия ва нафақа олувчи тўғрисида юборилган файллар Халқ банки серверлари базасидаги фуқароларга очилган карта маълумотлари билан автоматик тарзда солиштирилиб, тасдиқлангандан сўнггина пенсия ва нафақа маблағлари тегишли банк карталарига ўтказилди.
Қолаверса, 2020 йил май ойининг дастлабки кунлари дам олиш кунларига тўғри келганлиги боис пенсия пуллари 4 май санасидан бошлаб банк карталарига юкланиши бошланди.
Шунингдек, пенсия ва нафақа олувчи барча фуқароларга банк карталари фуқароларнинг яшаш манзилларига АТ Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан олдинги пенсия тарқатиш графиги бўйича етказиб берилади.
Мазкур банк карталаридан фуқароларнинг хоҳишига кўра стерилланган маблағлар нақдлаштириб берилади.
Бунда бугунги кунга қадар фуқароларга етказиб берилган банк карталаридан ҳам мазкур графикда белгиланган саналарда нақдлаштириш имконияти бўлади.
Пенсионерларнинг банк карталаридан маблағларни нақдлаштириш учун ҳеч қандай ҳақ олинмайди.
Қайд этиш зарурки, банк карталарини фуқароларнинг яшаш манзилларига етказилиши ҳолати ўрганилганда, баъзи туман бўлимларида, пенсия ва нафақа олувчиларга банк карталарини тарқатишда фуқароларнинг бир жойга тўпланиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Муҳими шуки, банк карталари ҳар бир пенсионер ва нафақа олувчининг хонадонига етказиб берилиши таъминланади.
Ҳурматли пенсия ва нафақа олувчилар!
Пенсия жамғармаси ва АТ “Халқ банки” юқорида келтирилган вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўрайди.
Пенсия тўловларини етказиш билан боғлиқ саволларингиз бўлса, АТ Халқ банкининг — 1106 ҳамда Пенсия жамғармасининг — 1140 “ишонч телефони” орқали мурожаат қилишингиз мумкин.