Bu qiziq

КОРРУПЦИЯ

Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.

Ҳозирда, коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсдаги каби республикамизда ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

Коррупцияга қарши муваффақиятли кураш тизимини барпо этишда кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, унга танқидий ёндошган ҳолда миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш лозим бўлади.

Маълумки, коррупция ўзига тамагирликни қамраб олган ҳолда жамиятнинг маънавий устунлари ҳамда демократияни емириб, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий тараққий этиши учун улкан хавф туғдиради.

Этимологик жиҳатдан “коррупция” — лотинча “corruptio”, яъни “бузиш, сотиб олиш, пора эвазига оғдириш” деган маъноларни англатади. Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш демакдир.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул килинган.

Хусусан, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” мавзусидаги марузасида “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, деб таъкидлаган эди.

Шунга кўра, Республикамизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилган ҳолда 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди ҳамда шундан сўнг бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Қонуннинг 3-моддасига кўра, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини, ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Қонуннинг 5-моддасида эса коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар: аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборатдир.

Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти белгиланган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари назарда тутилган.

Бинобарин, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари Қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак бўлган ва ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймасди.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг раиси                                                            М.Хакимов

Related Articles

Back to top button