Одам савдоси
Одам савдоси – ҳозирги куннинг долзарб муаммоларидан биридир. Ундан келадиган даромад гиёҳванд моддалар ва қурол савдосидан сўнг учинчи ўринда туради. Жиноятчиликнинг мазкур туридан келадиган даромаднинг йиллик айланмаси 7 млрд. АҚШ долларини ташкил этади.
Жинсий эксплуатация, мажбурий меҳнат, болалар меҳнатини эксплуатация қилиш айрим мамлакатларда шу даражада кенг тарқалганки, натижада ҳозирги кунда миллат генофондига, шу билан бирга миллий хавфсизликка жиддий хавф туғдирмоқда. Бундай ҳолатда ҳар қандай маданияти ривожланган мамлакат мазкур жиноий фаолият тури билан кураш бўйича барча зарур чораларни кўриши лозим. Ўзбекистон ҳам бу борада истисно эмас.
Одам савдосининг бевосита объектини шахснинг шахсий эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматини кафолатловчи ижтимоий муносабатлар ташкил этади. Қўшимча объект алоҳида квалификация қилинган таркибларда шахснинг ҳаёти ва соғлиғи дахлсизлигини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
ЖК 135-моддаси тавсифловчи диспозицияга эга. Мазкур жиноят объектив томондан одам савдоси, яъни одамларни олиш-сотиш ёки уларни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланади.
Одам савдоси шахс эксплуатациясининг бошланишидан қатъи назар, айбдор ЖК 135-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳаракатлардан бирини содир этган пайтдан бошлаб, одамларни олиш-сотиш, уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш ҳаракатлари содир этилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
Одам савдоси одамни олиш-сотиш, яъни уни сотувчига пул кўринишида маълум миқдордаги маблағ ёки бошқача мулкий эквивалент (кўчар ва кўчмас мулклар, мулкий характердаги даромадлар, мулкий ёки пул кўринишидаги қарздан воз кечиш ва бошқалар) бериш эвазига сотиб олувчи эгалигига топшириш ҳисобланади.
Одам савдосининг бир кўриниши одамларни бирор-бир фаолиятга, мазкур ҳолатда эксплуатацияга жалб қилишга қаратилган ҳаракатларда намоён бўлувчи одамларни ёллаш ҳисобланади (масалан, одамларни қидириш, хоҳловчиларни рўйхатга олиш, улар билан дастлабки келишув тузиш ва бошқ.). Одамни ёллаш фақат уни олиш-сотиш билан тугайди ва бу, қоида тариқасида, алдаш орқали амалга оширилади. Айбдор жабрланувчининг ўз хоҳишига кўра маълум бир фаолият билан шуғулланишига розилигини олмоқчи бўлганда ёллаш усули сифатида кўндириш мазкур ҳолатда камдан-кам ҳолларда қўлланилади.
Одамни ёллаш уни зўрлаш, қўрқитиш ёки мажбурлашнинг бошқача турларини қўллаш орқали амалга оширилса, келиб чиққан оқибатларнинг даражасидан қатъи назар, қилмиш ЖК 135-моддаси 2- ёки 3-қисми билан жавобгарликка тортилади.
Ёллаш ёлланаётган шахснинг розилигини олишга қаратилган ҳаракатлар амалга оширилган пайтдан бошлаб, шахс розилиги олинганидан қатъи назар, тугалланган ҳисобланади.
Субъектив томондан одам савдоси тўғри қасд билан содир этилади ҳамда қонунда кўрсатилганидек, одамларни эксплуатация қилиш мақсадида амалга оширилади.
Одамларни эксплуатация қилиш бошқа шахсларнинг танфурушлигини эксплуатация қилиш ёки жинсий эксплуатациянинг бошқа турлари, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қулчилик, унга ўхшаш анъаналар, эрксиз ҳолат ёки инсон аъзо ёки тўқималарини ажратиб олиш ҳисобланади.
Бошқа шахсларнинг фоҳишафурушлигини эксплуатация қилиш ёки жинсий эксплуатациянинг бошқа турлари деганда, жабрланувчининг шундай бир ҳолатга солиниши тушуниладики, натижада у айбдорнинг хоҳишига кўра жинсий алоқа қилиш, кимларнингдир жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондириш ёки бошқа шахсларнинг хоҳишига кўра бошқа жинсий характерга эга бўлган ҳаракатларни бажаришга мажбурлиги тушунилади. Жинсий эксплуатациянинг бошқа турларига, жумладан, шахсдан порнографик нарсаларни тайёрлашда фойдаланишни тушуниш лозим.
Сурхондарё вилоят суди судья
катта ёрдамчиси Ж.Х.Примов