Bu qiziq

АРАБЛАР БУХОРОНИ ҚАНДАЙ ЭГАЛЛАШГАН?

Ватанимиз ўтмишда не-не босқинларни, кулфат ва мустабитларни кўрмаган. Она юртимиз тарихида озодлик учун ўз жонини фидо қилган баҳодирлар ҳам, уни ёвга сотишга уринган хоинлар ҳам, ғанимнинг фитнасига лаққа тушган калтафаҳм кимсалар ҳам учрайди.

Душманга қарши иттифоқ

Она заминимизнинг араблар томонидан босиб олинишига доир турли хил қарашлар мавжуд. Кимлардир бу фатҳ Марказий Осиё халқларининг қадимий маданиятини бутунлай барбод қилганини таъкидласа, бошқалар халқимизнинг ҳақ дин — исломга киришида  катта ўрин тутганини айтишади. Нима бўлганда ҳам, босқин маҳаллий халқ учун ўзига яраша кулфатлар олиб келганини аниқ.

Тарихчи Абу Бакр Муҳаммад  Наршахий тўзининг “Бухоро тарихи” асарида   далолат беришича, араб лашкарбошиси Қутайба ибн Муслим (668-715) Бухорога бостириб келганда,  маҳаллий ҳукмдорлар бирлашиб унга қарши катта қўшин билан чиқадилар.

Бир томондан Бухоро ҳукмдорларидан Хунукхудот, Вардонзе ҳокими  Вардонхудот, иккинчи томондан турк ҳоқонининг жияни Кўрмағонун, яна бир томондан Суғд подшоҳи Тархун — ҳар бири катта қўшин билан келиб Қутайбанинг аскарларини ўраб оладилар.

Бу жангда арабларнинг енгилиши аниқ бўлиб қолади, Қутайба қўшини оғир аҳволга тушади. Шунда у яқин мулозимларидан бўлмиш Ҳайён Наботийга бу аҳволдан қандай қутулиш борасида маслаҳат солади. Куч ожизлик қилганда, ақл керак бўлади. Ғайридинларга қарши урушда, ёлғон, макр-ҳийла ишлатишга шариат ҳам изн беради. Хайён ҳам бу вазиятдан фақат ҳийла йўли билан қутулиш мумкин, деган хулосага  келганди.

— Менга эрталабгача муҳлат бер, – дейди Ҳайён Қутайбага. Сўнг у Суғд подшоҳи Тархунга яширинча киши юбориб, у билан хуфия учрашиши лозимлигини, маслаҳатли иш борлигини айтади.

Хилватдаги суҳбат

Суғд ҳукмдори Тархун ва араб саркардасининг мулозими Ҳайён жанг қизиб турган бир пайтда пана бир маконда учрашадилар.

— Мамлакатинг қўлдан кетибди-ю, сенинг хабаринг йўқ, – дейди Ҳайён ўзини хотиржам ва вазмин тутишга уриниб.

— Қандай қилиб? – деб сўрайди Тархун таажжуб билан.

         — Мен сенга бир сирни очаман, — дейди Ҳайён. — Биз араблар ҳаво иссиқ вақтдагина бу ерда тура оламиз. Чунки, бизнинг аскарларимиз совуққа чидамсиз. Ҳаво эса, совуб қолди, демак бизнинг қайтадиган вақтимиз бўлди. Токи биз бу ерда эканмиз, турклар биз билан уруш қиладилар, бу ердан кетишимиз билан улар сен билан урушиб, Суғдни қайтадан эгаллаб олишлари турган гап. Демак, сен мулкингдан айриласан.

Тархун бу гапдан сўнг талмовсираб қолади. Чиндан ҳам Суғд бир пайтлар турк ҳоқонлигига қараган, фақат Хитой билан муттасил жанглар сабаб ҳоқонликнинг заифлашуви туфайли кўплаб вилоятлар ундан ажралиб чиққанди. Тархур айни пайтда қаршисида рақиб томоннинг вакили эмас, қадрдон дўсти тургандек унинг гапларига чиппа-чин ишонади.

— Мен қандай чора кўришим керак? – деб сўрайди ундан нажот кутиб.

— Сен Қутайба билан сулҳ тузиб, ўлжа сифатида бирон нарса берасан. Туркларга эса, катта қўшин Қутайбага ёрдам бергани келаётганини, ўзинг бу жангда енгилишингни билиб, вилоятингга қайтишингни айтасан. Шунда турклар ҳам ортга қайтадилар. Сен биз билан сулҳ тузсанг биз сенга ёмонлик истамаймиз.

Бу маслаҳат Тархунга анча оқилона бўлиб туюлади. У Ҳайёнга раҳмат айтиб, ортга қайтади. Кечаси Тархун Қутайбага одам юборади, у билан сулҳ тузиб, совға-салом  ва икки минг дирам жўнатади. Сўнг карнай чалдириб лашкарини жанг майдонидан чақириб олади ва ўз юртига қайтишни буюради.

Алданган ҳукмдор

Табиийки, у билан арабларга қарши иттифоқ тузган бошқа ҳукмдорлар ундан бу қарорнинг сабабини сўрайдилар.

— Хабарингиз йўқми? – дейди Тархун. — Арабларга Кеш ва Нахшаб томонидан жуда катта куч ёрдамга келаётган экан. Улар етиб келишса, баримиз қирилиб кетамиз. Шу боис, яхшиси сулҳ тузишни афзал кўрдим. Мен ўз вилоятимга кетаман. Истасанглар, ўзларинг урушаверинглар!

Буни эшитиб туркларнинг лашкарбошиси Кўрмағонун ҳам лашкарини жангдан олиб ўз юртига қараб йўлга тушади. Бухоро ҳукмдорлари яккаланиб қоладилар.  Қутайба қўшинлари осонлик билан уларни енгиб, Бухорони забт этади.

Душман қутқусига учган Суғд подшоси Самарқандга келгач, халқ унинг араблар билан махфий сулҳ тузиб, жанг майдонини ташлаб қочгани учун қўзғолон кўтаради. Натижада Тархун тахтдан ағдарилади. Бу орада араблар Самарқандни фатҳ этадилар.

Ўз хиёнатининг нақадар оғирлигини билган Тархун эса ўз жонига қасд қилади. “Тарихи Табарий”да келтирилишича у тик қилиб қўйилган қиличи устига ўзини ташлайди, қилич унинг елкасидан тешиб чиқади.

…Душман қутқусига учишдан ҳам ортиқроқ бебахтлик йўқ. Зотан Ватан озодлиги, мустақиллигини сақлаш учун ҳар бир инсон огоҳ, сергак ва эҳтиёткор бўлмоғи зарур. Душманга ишонган одам эса, ғафлатда қолиб, мағлубиятга учраши турган гап.

Related Articles

Back to top button