Kasbim-faxrim

Амир Темур таваллуди бу йил мутлақо янги руҳда нишонланмоқда

Буюк саркарда Амир Темур буюк давлат арбоби сифатида қадрланади. Амир Темур таваллуди муносабат билан Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида тадбир ташкил этилди. Уни бошқарма бошлиғи Усмон  Туропов очиб,  Амир Темурнинг бой маънавий мероси, давлатчилик анъаналари ва илм-фан тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида атрофлича сўз юритди. Таъкидландики, бундай маънавий-маърифий тадбирлар соҳа мутахассисларини, ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат ва китобсеварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Амир Темур таваллуди бу йил мутлақо янги руҳда нишонланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жамият ҳаётидаги янгиланишлар ўша даврдаги тарихий жараёнлар билан маълум маънода ҳамоҳангдир. Чунки Амир Темур замонида иккинчи Ренессанс пойдевори яратилган бўлса, бугун биз учинчи Ренессанс асосларини барпо этмоқдамиз, – деди бошқарма бошлиғи.

Соҳибқирон Амир Темур номи жаҳон тарихининг энг улуғ шахслари сафида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. У буюк давлат арбоби, қудратли саркарда ҳамда илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси сифатида инсоният цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган.Унинг адолатга асосланган давлатчилик ғоялари, кучли бошқарув тизими ва маърифатпарварлик сиёсати бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этади.

Ана шу улуғ зот таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида Президентнинг тегишли қарори қабул қилиниб, мамлакатимизда кенг кўламли маърифий ва илмий тадбирларни ташкил этиш белгиланди, — деди бошқарама бош юрист консульти Отажон Имомов. Қарорга мувофиқ, жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги мамлакат бўйлаб кенг нишонланди. Бу сана фақат тарихий юбилей сифатида эмас, балки миллий ўзликни англаш, бой маънавий меросни чуқур ўрганиш ва уни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган муҳим жараён сифатида қаралмоқда.  Шунингдек, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ўтказилади. — Қарор доирасида 2030 йилгача мўлжалланган махсус “йўл харитаси” тасдиқланди. Унда Амир Темур ва темурийлар даври меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этишга қаратилган қатор муҳим вазифалар белгиланган.  Хусусан, 9-10 апрель кунлари Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилади. Мазкур анжуманда турли мамлакатлардан келган олимлар иштирокида янги тадқиқот натижалари муҳокама қилиниб, илмий ҳамкорликни янада кенгайтиришга замин яратилади.

Шунингдек, Амир Темурнинг машҳур “Темур тузуклари” асарининг илмий изоҳли матнини бир қатор хорижий тилларда, жумладан форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш режалаштирилган. Бу орқали асарнинг мазмун-моҳияти жаҳон жамоатчилигига янада кенгроқ етказилади. Бундан ташқари, “Темурийлар даврининг 100  нодир қўлёзмаси” ва “Темурийлар даврининг 100 нодир дурдонаси” номли китоб-альбомлар тайёрланиб, илмий ва маданий жамоатчиликка тақдим этилиши ҳам алоҳида эътирф этилди.Умуман олганда, мазкур қарор ва режалаштирилган тадбирлар буюк аждодимиз Амир Темур меросига бўлган чуқур эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Бу саъй-ҳаракатлар орқали миллий ифтихор туйғуси мустаҳкамланиб, ёш авлод тарихий хотирага ҳурмат ва ватанпарварлик руҳида тарбияланади. Соҳибқирон Амир Темур сингари улуғ шахслар мероси эса келажак авлод учун ҳамиша илҳом манбаи бўлиб қолади. Инсоннинг руҳий  камолоти йўлидаги бундай маънавий тадбирлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда.

Рахмиддин Қодиров

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош мутахассиси

Related Articles

Back to top button