Kasbim-faxrim

Журналист ва блогерлар аҳоли хонадонларига ўрнатилаётган “Ақлли” газ ҳисоблагичлар ва олис тоғли худудларга етказилаётган суюлтирилган газ жараёнлари билан танишди

“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиалига қарашли ташкилот ва корхоналар фаолияти тубдан ўзгартирилиб, аҳолига суюлтирилган ва табиий газни ўз вақтида етказиб бериш, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, газ қувурларини мукаммал таъмирлаш дастурларини муддатида бажаришга, газ тақсимлаш пунктларининг соз ҳолатдалигини доимий назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ва “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали, Журналистлар ижодий уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими ҳамкорлигида Бойсун туманига уюштирган пресс-тур ҳам журналистлар ва блогерларни ҳудудларда аҳоли хонадонларига ўрнатилаётган “Ақлли” газ ҳисоблагичлар ва олис тоғли худудларга етказилаётган суюлтирилган газ жараёнлари билан танишди.

“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали томонидан 2020-2021 йилларда табиий газ истеъмолчиларига “Табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими”ни жорий этиш доирасида жами Сурхондарё вилояти учун 107 833 та табий газ истеъмолчиларига ўрнатилиши режалаштирилган.

Ҳозирда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳар аҳоли хонадонларига замонавий электрон газ ҳисоблаш ускуналари режа-график асосида намунавий тарзда ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнлар Бойсун туманидаги табиий газ истеъмолчиларига ҳам ўрнатилмоқда. Вилоятимиздаги табиий газ истеъмолчиларга унинг қулайлиги, афзалликлари ҳақида маълумотлар тақдим этиляпти“ — дейди, “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали директори Мирзабек Мансуров.

Таъкидлаш жоиз, табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини татбиқ этиш орқали қарздорлик билан боғлиқ муаммо ва узилишларнинг олди олиниши билан бирга йўқотишлар ҳамда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини вақтида огоҳлантирилишига эришилади. “Ақлли” ҳисоблагичлар истеъмолчининг ёқилғи сарфини юқори аниқлик билан ўлчаб, реал вақт режимида марказга маълумотларни узатади.

Ҳисоблагич ҳудди мобил телефон каби сим карта ва аккумулятор-батареяда ишлайди ҳамда диспетчерлик хизматига тўғридан тўғри симсиз алоқа ёрдамида уланади. Диспетчер ўз мониторида қайси хонадонга айни дақиқада қанча миқдордаги газ берилмоқда, қайси бирига умуман берилмаяпти, қаерда қандай носозлик бор, барчасини назорат қилиб туради ва ҳисоблагичда қарз юзага келиши биланоқ, инсон аралашувисиз газ бериш истеъмолчи томонидан пул тўлангунга қадар тўхтатилади.

Албатта, истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагичлари тармоқдан бирданига келмай қолмайди. Қарздорлик пайдо бўлишига яқин қолганда ҳисоблагич пул тўлаш лозимлиги тўғрисида мобил телефонга қисқа хабар (SMS) юборади ва дам олиш ҳамда байрам кунларидан бошқа вақтдагина қарздорга газ беришни автоматик тўхтатади. Бунинг сабаби эса, тизим — банк ишламайдиган кунлари кассага пул тўлай олмаслигингизни билади.

Қарздорлик туфайли газ бериш тўхтатилгач, истеъмолчи томонидан пул тўлаб қарзни ёпилгандан кейин ҳам ҳисоблагич, токи истеъмолчи уйдаги барча очиқ қолган газ ускуналарини беркитмагунича, газни ўтказмайди.

Агар истеъмолчи уйида қўшимча ўчоқ, тандир ёки иссиқхонани табиий газ тармоғига уласа, истеъмол қилинаётган табиий газ эҳтиёжи ошиб кетиши сабабли, ҳисоблагич газ етказиб беришни тўхтатади.

“Сотувчи-харидор” муносабатлари билан боғлиқ зиддиятли вазиятларнинг олди олинади. Зеро, бу ерда янги тўлов интизоми жорий этилиб, газ етказиб берувчи хизматларни сифатли ҳамда тўлиқ ҳажмда тақдим этади ҳамда харидор, яъни истеъмолчи, уни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлаб боради.

Related Articles

Check Also

Close
Close