Қозоғистон Президенти тинч митинглар ўтказиш тартибига изоҳ берди
Давлат раҳбарнинг матбуот котиби Берик Уали Фейсбукдаги саҳифасида Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Қозоғистонда тинч намойишлар ўтказиш тартибига киритилган ўзгаришлар ҳақидаги фикрларини келтирди.
Президент тинч митинглар ўтказиш тўғрисидаги қонунни 2020 йил 25 май куни имзолаган эди. Жамоатчилик ишончи Миллий мажлисида маъқулланган ҳужжатнинг асосий мақсади – Қозоғистон фуқаролари томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш ҳисобланади.
– Митингда иштирок этишни истаганлар янги қонунга риоя қилишлари шарт. Ҳеч ким фуқароларни ҳокимиятга танқидий муносабатлар билдириш ҳуқуқидан маҳрум қила олмайди, фақат бу қонун доирасида амалга оширилиши керак. Бу уларнинг конституциявий ҳуқуқи. Қонуннинг асосий жиҳати – митинг ўтказиш учун руҳсат олиш керак эмас, балки огоҳлантиришнинг ўзи кифоя. Ушбу қонун ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг демократик йўналишда ривожланишига ҳисса қўшади, – деди Қ. Тўқаев.
Қонунга мувофиқ, митинг, йиғин ва намойишлар очиқ, ошкора ва тинч асосда ўтказилиши, унда иштирок этиш ихтиёрий бўлиши лозим. Ушбу тадбирларда конституциявий тузумни ағдариш, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғаш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш, шунингдек, давлат органларини таҳқирлаш тақиқланади.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар вақтида иштирокчилар жамоат тартиби ва тадбир вақтига риоя қилишлари, маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг қонуний талабларини бажаришлари шарт.
Янги қонунда журналистлар фаолиятига тақиқ ва чекловлар олиб ташланган, чунончи, энди давлат органларига митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтган жойларда туширилган видеоматериалларни тақдим этишга мажбурлайдиган меъёр бекор қилинган.