Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПҚ-33-сонли Қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 33-сонли Қарорида Маъмурий суд ишларини юритишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш назарда тутилган.
Қарорда Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳамда ишончли ҳимоя этилишини таъминлаш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб янада такомиллаштириш мақсадида:
Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;
давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;
маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;
давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;
маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш.
Шу қарорга илова қилинган Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш КОНЦЕПЦИЯСИда «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантиришга оид вазифалар белгиланди.
Шу муносабат билан ўтказилган таҳлил Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексни қуйидаги йўналишларда такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда:
биринчидан, маъмурий суд иш юритувига халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ оммавий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ўзини оқлаган янги институт ва тартибларни имплементация қилиш бўйича ишларни давом эттириш;
иккинчидан, оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи маъмурий суд ишларини юритиш принципларини тўлақонли жорий этиш, шу жумладан, суднинг фаол иштироки принципини қўллаш доирасини кенгайтириш;
учинчидан, маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиш орқали маъмурий органлар устидан бериладиган даъво турларини аниқ белгилаш, ҳар бир даъво тури бўйича иш юритишнинг ўзига хос процессуал қоидаларини назарда тутиш;
тўртинчидан, маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини янада кенгайтириш;
бешинчидан, давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини такомиллаштириш белгиланган.
Ушбу қарор маъмурий судлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ижро органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғайриқонуний қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан ҳимоя қилишда муҳим ўрин эгаллайди.
Термиз туманлараро
маъмурий суди судъя ёрдамчиси
Ж.С.Ачилдиев




