Kasbim-faxrim

Кўзойнак таққан болажонлар ўзгачами?

Ҳар бир давлат таълим тизимининг ўзига хослиги, қонун-қоидалари борлигини биламиз. Улар миллий қадриятлар, мамлакат анъаналари, одамларнинг дунёқараши, менталитети, таълимга бўлган муносабати, ёндашуви ва бошқа сабабларга кўра шаклланади.

Жумладан, Хитойда ўқувчиларга уйга вазифа кўп берилади. Масалан, ўқувчилар ҳафтада 14 соат вақтини уйга берилган вазифаларни бажаришга сарфлайди.

Россияда ўқув йили «Билимлар куни» билан бошланади, байрам ва дам олиш кунларига тўғри келса ҳам 1 сентябрь шу тариқа нишонланади.

Кундалик овқатланиш масаласига Францияда катта эътибор берилади, улар ўқувчилар таом тайёрлаш ва овқатланиш режими ҳақида мукаммал тасаввурга эга бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

Эронда ўғил ва қиз болалар алоҳида ўқитилади, қизларга аёл, ўғил болаларга эркак ўқитувчи дарс ўтиши шарт.

Австралияда узоқ минтақаларда яшайдиган талабаларга радио орқали дарс ўтиш тажрибаси бор.

Чилида ёзги таътил биз учун ғайриоддий муддатда, яъни декабрнинг ўрталаридан мартнинг бошигача давом этади.

Нидерландияда болалар жуда эрта – 4 ёшидаёқ мактабга чиқади.

Исландияда мактаб ўқувчиларига тикиш-бичишдан ҳам сабоқ берилади.

Бразилияда тушликка катта эътибор қаратилади, кўп мактабларда дарслар жуда эрта, яъни эрталаб соат еттидан бошланади, тушликни эса ўқувчилар уйларига бориб оила даврасида қилишлари мумкин.

Финляндияда болалар етти ёшга тўлгачгина мактабга қабул қилинади. Бундан ташқари, ушбу давлат таълим тизими самарадорлиги бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради. Ҳукумат тасдиқлайдиган таълим ҳужжатлари фақат йўриқнома ҳисобланиб, ўқитувчи ўзи маъқул топган услубда дарс бериши мумкин. Ўқувчиларга тўққиз ёшидан швед тили (икинчи тил сифатида), ўн бир ёшидан инглиз тили ўқитила бошлайди. Мактаб ўқувчилари камида тўртта тилни ўрганади.

Шу каби маълумотларни ўқиганимдан сўнг, эътиборимни Япония тажрибаси тортди.

Доимо кулиб турувчи японияликларнинг жуда юқори маданиятга эга эканлигини кўп бор эътироф этганмиз. Мактаб ўқувчиларининг яратаётган роботлари, инновацион янгиликлари эса ҳайратланарли.

Япония аҳолисининг узоқ умр кўриши ва ёшлари шу қадар билимдонлигининг сабаби нимада?

Маълумотларга кўра, Япония мактабларида эътиборга молик бир жиҳати бор экан:

Ушбу давлатининг мактабларида ҳар куни эрталаб ўқишга кириб келаётган ҳар бир ўқувчига бир қошиқ асал текинга берилади. Танага зарур бўлган миқдордаги кундалик витаминларни доимий равишда қабул қилган бола касал бўлмайди, саломатлиги мустаҳкамланиб боради, демак, ҳар куни мактабга билим олгани келади. Нафақат асал, балки бедана тухумининг истеъмоли ҳам хотира ва диққат ривожида муҳимдир. Шунинг учун Япония мактабларида болалар кун давомида қувватга эга бўлиши учун мактабдаги тушликка бедана тухуми ҳам қўшиб берилар экан.

Балки шунинг учун ҳам кўзойнак таққан болажонлар ўзгача ақллимикин, деб ўйлаб қоламан.

Таклифим: Япония халқининг муваффақиятли амалиётидан фойдалансак. Мактабларда болажонларимизга асал беришни жорий этсак, майли аввалига бир мактабда, амалиёт натижаси тасдиғини топса, сўнгра ҳар бир мактабда бу амалиёт жорий этилса (ҳар бир ўқувчининг саломатлигини эътиборга олган ҳолда, чунки асал – аллерген модда).

Кўпдан кўп фикр чиқади, деган гап бор халқимизда. Бефарқ бўлиб, фарзандлар тақдирига шунчаки қарагандан кўра, уларнинг порлоқ келажаги учун таклифларни ўртага ташлаган маъқул.

Мадина Шукурова,
Мирзо Улуғбек туманидаги 64-умумтаълим
мактаби психологи.

Related Articles

Back to top button