Жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш асослари

Маҳкумларга нисбатан тайинланган жазони муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш фақат суд томонидан тайинланган жазонинг қонунда назарда тутилган қисмини ўташ пайтида уларнинг меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиши, жазони ижро этиш муассасаларида ўзларини тутишлари, тайинланган жазода ўрнатилган тартиб қоидаларни ва талабларни бажаришда ифодаланади. жазони муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш маҳкумларни аҳлоқан тарбиялаш, такроран жиноят содир этилишининг олдини олиш ҳамда инсонпарварлик принципини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73,74-моддаларида акс этган. Жазони муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг тақдимномасига ёки маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг илтимосномасига биноан судья томонидан қўлланилади.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш маҳкум:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини;
б) оғир ждинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар шахс илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан икки қисмини;
в) ўта оғир жинояти учун, суд тайинлаган жазо муддатининг камида тўртдан уч қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилади.
Жазонидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш:
а) умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилшан шахсларга;
б) ўта хавфли рецидивистга;
в)уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшманинг ташкилотчи ва қатнашувчиларига ;
г) жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганлик, ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига текканлик ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирганлик, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсни жинсий алоқада бўлиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда жинсий алоқа қилишга мажбур этганлик, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирганлик ёки унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик, вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирганлик, худди шунингдек уни тайёрлаганлик, тарқатганлик, реклама қилганлик, намойиш этганлик ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб этганлик, вояга етмаган шахсни жалб этган ҳолда қўшмачилик қилганлик, фоҳишахоналарни ташкил этганлик ёки сақлаганлик, Ўзбекистон Республикасига, тинчликка ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноят содир этганлик, ядровий, кимёвий, биологик ва бошқа хилдаги оммавий қирғин қуролларини, шундай қуролларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиш мумкинлиги аён бўлган материал ва ускуналарни, контрабанда қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга; д) жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилмайди.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш чоғида суд асослар мавжуд бўлган тақдирда, маҳкумнинг зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юклатиши мумкин:
а) ишга ёки ўқишга жойлашиш;
б) муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгарганлиги ҳақида унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органга хабар бериш;
в) муайян жойларга бормаслик;
г) алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташ;
д) Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқмаслик.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назоратни ички ишлар органлари, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хулқ-атвори устидан назоратни эса — ҳарбий қисмлар ёки муассасаларнинг қўмондонлиги амалга оширади.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан суд илгари ушбу шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши ёхуд унинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклатиши мумкин.
Прокурорнинг тақдимномасига ёки адвокатнинг илтимосномасига биноан суд жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахснинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиши мумкин.
Агар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахс суд томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни ўталмаган жазо муддати давомида бажармаса, суд унинг хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи органнинг тақдимномасига биноан уни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни бекор қилиш ва ўталмаган жазо муддатини ўташи ҳақидаги масалани кўриб чиқади.
Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан суд ушбу Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди.
Озодликдан маҳрум этилган, озодлиги чекланган ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириши мумкин. Жазони енгилроғи билан алмаштириш ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган маҳкумга нисбатан қўлланилиши мумкин.
Жазони енгилроғи билан алмаштириш маҳкум:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини;
б) оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар у илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини;
в) ўта оғир жинояти учун, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан икки қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланилиши мумкин.
Озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш тариқасидаги жазонинг ўталмаган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилганда ахлоқ тузатиш ишлари озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазосининг ўталмаган қисми муддатига тайинланади.
Жазонинг ўталмаган қисмини енгилроғи билан алмаштириш ушбу Кодекснинг 73-моддаси тўртинчи қисмида кўрсатилган шахсларга нисбатан қўлланилмайди. Жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахслар енгилроқ жазонинг тегишли қисмини ўтаб бўлганларидан кейин ушбу Кодекснинг 73-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинишлари мумкин. Жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида янги жиноят содир этса, суд унга ушбу Кодекснинг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди.
Вилоят судининг судья катта ёрдамчиси
М.Йўлдошева


