Bu qiziq

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–12-сон Фармони, 2026 йил 16 январ

Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишга қаратилган Давлат дастури
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда адолат тамойилларини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланмоқда.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони билан тасдиқланган Давлат дастури суд-ҳуқуқ соҳасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Мазкур дастурда суд мустақиллигини таъминлаш, одил судлов сифатини ошириш, ҳимоя институтини кучайтириш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда жамоатчилик назоратини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Фармонда белгиланган асосий йўналишлардан бири — суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлашдир. Судьяларни танлаш, тайинлаш ва баҳолаш жараёнларини шаффоф механизмлар асосида ташкил этиш, уларнинг касбий малакаси ва масъулиятини ошириш орқали суд тизимига бўлган ишончни янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Суд қарорларининг қонуний, адолатли ва барқарор бўлиши ҳуқуқий муносабатларда аниқлик ва ишончни таъминлайди.

Шунингдек, рақамли технологияларни суд тизимига кенг жорий этиш орқали электрон иш юритиш, онлайн мурожаат қилиш ва суд жараёнларини масофадан кузатиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.

Бу фуқаролар учун қулайлик яратиш билан бирга, инсон омилини қисқартириш ва коррупциявий хавфларни камайтиришга хизмат қилади.

Ҳимоя институтини такомиллаштириш ҳам мазкур дастурнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Адвокатларнинг процессуал ҳуқуқларини кенгайтириш, давлат ҳисобидан кўрсатиладиган юридик ёрдам сифатини ошириш ҳамда тергов босқичида ҳимоя иштирокини таъминлаш орқали инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш мақсад қилинган.

Бу эса жиноят-процессуал муносабатларда тарафлар тенглигини таъминлашга хизмат қилади.

Давлат дастурида коррупцияга қарши курашиш масаласига ҳам алоҳида аҳамият берилган. Қонунчиликдаги коррупциявий омилларни бартараф этиш, мансабдор шахслар фаолиятида шаффофликни таъминлаш, даромад ва мол-мулк декларацияси тизимини жорий этиш ҳамда “манфаатлар тўқнашуви” институтини кучайтириш орқали давлат бошқарувида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, коррупциявий хавфлар харитасини шакллантириш, соҳалар кесимида таҳлил олиб бориш ва махсус медиа-портал ташкил этиш орқали жамоатчилик иштирокини кучайтириш назарда тутилган. Бу орқали фуқароларнинг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имкониятлари янада кенгаяди.

Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши кураш механизмларини такомиллаштириш ҳам Давлат дастурининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Халқаро ҳамкорликни кучайтириш, чегара назоратини рақамлаштириш, профилактик тадбирларни кенгайтириш ва реабилитация тизимини такомиллаштириш орқали ушбу хавфли жиноят турига қарши самарали курашиш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, мазкур Давлат дастури мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини янги сифат босқичига олиб чиқиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, адолат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади.

Унинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим аҳамият касб этади.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг судьяси

Туранов Кахрамон Холназарович

Related Articles

Back to top button