Қишлоқдаги мактабда ишлаб келган ходимнинг иш ҳақи суднинг ҳал қилув қарорига асосан ундириб берилди
Адлия бўлими даъвогар А.П.нинг манфаатини кўзлаб судга даъво ариза тақдим этиб, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан қонун талаблари асосида табиий иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимларга тўланиши лозим бўлган устама пулларини ундириб беришни сўраган.
Аниқланишича, меҳнат шартномаси ва мактаб директорининг 2018 йил 29 январдаги буйруғига асосан А.П. ушбу кундан мактабнинг физика ўқитувчиси вазифасига ишга қабул қилинган ва у ҳозирда ушбу лавозимда ишлаб келмоқда.
Ўзбекистон Республикасиконституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Туман халқ таълими бўлимининг 2023 йил 20 апрелдаги 01-6/19-сонли жавоб хатига кўра, тумандаги ушбу умумтаълим мактаби ишчи ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 06 сентябрдаги 743-сон қарори1-иловасига асосан 2020-2021 йил харажатлар сметасида баланд тоғли туманларда ишлаганлик учун барча иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг ходимлари учун маблағ ажратилмаганлиги сабабли тўлов амалга оширилмаганлиги кўрсатилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 06 сентябрдаги 743-сон қарори билан тасдиқланган “Табиий иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффицентларини, шунингдек уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-бандида устама миқдори иш ҳақининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ белгиланган ва устама ҳисобланадиган ойдан кейинги ойнинг бошида амал қиладиган 2019 йил сентябрдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,4 баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган иш ҳақи суммасидан ҳисобланиши, шунингдек қарорда ушбу иқлимда туманларда ишлаганлик учун барча иқтисодий тармоқлари ва ҳудудларнинг ходимлари учун денгиз сатхидан 2001 метрдан 3000 метргача баландликда меҳнатга ҳақ тўлашда туман коэффицентлари бўйича устамалар миқдори 30 фоиз қилиб белгиланган.
Вилоят Гидрометеорология бошқармасининг жавоб хатига кўра, даъвогар ишлаб келаётган ушбу қишлоғи денгиз сатхидан 2002 метр баландликда жойлашган.
Иш ҳужжатларига кўра, даъвогар А.П.га 2020-2021 йиллар учунжами 1.719.367 сўм устама ҳисобланган, аммо жавобгар томонидан тўлаб берилмаган.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 226-моддаси 5-қисмида, арз қилинган талаблар жавобгар томонидан тан олинган ва бу суд томонидан қабул қилинган тақдирда, уларни қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши белгиланган.
Суд томонидан аниқланган иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар даъвони қаноатлантиришга асос бўлади деб кўрсатилган.
Шунга кўра, суд қайд этилган ҳолатларни инобатга олиб, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳисобидан А.П.нинг фойдасига 1.719.367 сўм устама ва почта харажати учун тўланган 33.000 сўм, жами 1.752.367 сўм ундирилди.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро суди судьяси Қ.Х.Туранов