O`zbekiston

Шавкат Мирзиёев: «Оилаларни илмий тадқиқ этишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одатлари ва қадриятларини эътиборга олиш зарур»

Президентимиз Термиз шаҳридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Сурхондарё вилояти бошқармаси фаолияти билан танишди. 

 

Ўтган йили фойдаланишга топширилган уч қаватли муҳташам бинода вилоят ва Термиз шаҳар “Оила” марказларининг самарали фаолият юритиши учун барча шароит яратилган. Биринчи қават “Оила” маркази билан ҳамкорликда ишлайдиган нодавлат ташкилотларга ажратилган. Иккинчи қаватда шаҳар “Оила” маркази, “Оила” кутубхонаси, ўқув заллари, тренерлар учун махсус жиҳозланган хоналар ҳамда фуқароларни қабул қилиш хонаси жойлашган. 

 

“Оила” марказининг вилоят бошқармасининг маъмурияти учинчи қаватда жойлашган. Бу ердаги кенг, ёруғ фаоллар зали замонавий жиҳозланган. Ер тўлада ошхона ва омборхона қурилган. Барча қаватларга кузатув камералари ўрнатилгани, хоналар замонавий ахборот-коммуникация жиҳозлари билан таъминлангани ҳам ходимларнинг иш сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

 

Айни пайтда воҳада маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаб, манзилли рўйхатларини шакллантириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш сингари хайрли ишларда марказ ходимлари яқиндан кўмаклашаётир. “Оила– жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий тамойилини кенг тарғиб қилишга интилмоқда. Янги бинода марказ билан ҳамкорликда фаолият юритадиган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими, “Барқарор ҳаёт” нодавлат нотижорат ташкилоти, Омбудсманннинг вилоят бўлими ва бошқа қатор хўжалик юритувчи ташкилотларга ҳам хоналар ажратилган. Бу уларнинг марказ билан яқин алоқада бўлиб, иш юритишида муҳим ўрин тутади. 

 

Вилоятда 600 мингга яқин оила мавжуд. Шундан 149 мингдан зиёди ёш оилалар. Марказ ходимлари оилалар ўртасида “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга изчил татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга оширишга бел боғлаган. Шу мақсадда замонавий оилани ривожлантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оиланинг ички муносабатлари, бой маданий, тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича тадқиқотлар ўтказиш асосида оила институтини мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда.

Марказ қошида махсус ўқув курслар ташкил этилган ва 2018 йил сентябрь ойидан фаолият юритмоқда. Хусусан, “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби”да жорий йилда 1700 ёшни оилавий ҳаётга тайёрлаш мўлжалланган.
 
Машғулотларга тажрибали психолог, социолог, ҳуқуқшунослар ва диншунослар, репродуктив маркази мутахассислари жалб этилган. Ёш оилалар, йигит-қизлар, никоҳланувчи шахслар иштирокида семинар-тренинг машғулотлари ташкил этилмоқда. Мухтасар айтганда, янги бинода барча ишларни сифатли, тезкор амалга ошириб, жамиятимизнинг асосий бўғини бўлган оилаларни янада мустаҳкамлаш учун барча шароит яратилган. 
 
Президентимизга Вазирлар Маҳкакамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ва муаммолар, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, оила институтини мустаҳкмалаш соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари, замонавий намунали оила моделини тарғиб қилиш, оилалардаги ижтимоий-демографик ҳолат ҳақида маълумот берилди.
 
Хусусан, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг олти ойи ҳолатида 13 мингдан ортиқ нотинч оила яраштирилган. 21 мингдан ортиқ бола етимликдан асраб қолинган. Марказга оилавий муаммолар, моддий ёрдам, иш билан таъминлаш, ҳуқуқий маслаҳат сўраб қилинган 21 мингдан ортиқ мурожаатнинг 75 фоизи ижобий ҳал этилган. 
 
Президентимиз оилаларни илмий тадқиқ этишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одатлари ва қадриятларини эътиборга олиш зарурлигини қайд этди. Оила муносабатларига оид илмий ишларни юзакилик билан эмас, ҳаётий мисолларга асосланиб, олиб бориш зарурлигини алоҳида таъкидлади. 
 
Оиланинг муқаддас қўрғон эканлигини кенг тарғиб қилишда олимлар, ёзувчи ва шоирлар, умуман, зиёли қатламни жалб этиш ва бу ҳаракатдан ҳеч ким четда қолмаслиги лозим, деди давла тимиз раҳбари.

Related Articles

Back to top button