Adabiyot

МАЪНАВИЯТ ЖОНКУЯРИ ЭДИ…

Устоз Исломқул Абдунабиев ҳақида кўрган ва билганларимни ёзмоқчиман. Лекин ҳар гал қўлимга қалам олиб, бу ишга жазм қилганимда журъатсизликми, ишончсизликми ёки мавридсиз ўлим даҳшатими қўлимни қайтаради. Устига-устак, қандайдир ички овоз “яна озгина яшаса бўларди-ку, залворли меҳнатининг роҳатини кўрcа бўлмасмиди”, деган нола йиғи аралаш бўғзимда туриб қоладию, қаламни қоғоз устида қолдиришга тўғри келади. Лекин устоз олдидаги бурч, вазифа  ва хаёллар битмас-туганмас  хотиралар томон етаклайди.

Менимча, асл инсонлар ҳақида суҳбат юритиш осондир, лекин қоғозга тушириш ўта қийин. Оғзаки гап ўша ерда қолиб кетиши мумкин, аммо қоғозга тушгани бу тарихга айланади. Исломқул ака ҳақида хотираларни жамлайдиган бўлсак, бир китобча келадиган мавзулар бор. Лекин бугунги кунда унинг қирқ йиллик ижодий умрига тўхталадиган бўлсак, жилд-жилд китоб яратиш мумкин.

Устоз ўз касбининг устаси эди. Унинг таҳриридан сўнг мухбирларнинг мақолалари худди ёмғирдан сўнг осмонда жилоланган камалак каби  газета саҳифаларини безарди. Эрталабки соат тўққиздан (тушликни ҳисобга олмаганда) қош қорайгунча бош кўтармай, қоғозга тикилиб, таҳрир қилиш учун одамда тошдай метин ирода ва сабр бўлиши кераклигини мен кейин англаб етдим.

Гоҳида кўнглимга ёқадиган нарса қоралаб келсам, устозга ҳовлиқиб шундай дердим: шуни биринчи ўқиб беринг тузук чиққанга ўхшайди, ёзаётганимда кўз ёшларимни тўхтата олмадим.

Ўшанда Исломқул ака ручкасини қоғоз устига қўйиб, бамайлихотир шундай дердилар: – Биринчидан, асарингиз жаҳон миқёсида бўлса ҳам ҳамма қатори навбати билан ўқилади. Иккинчидан, йиғлаб ёзилган асар зўр бўлаверса, ҳамма ёқни шўр сув босиб кетарди. Сен йиғлаб ёзма, ёзганинг муштарийларни йиғлатсин, фикрлашга ўргатсин, маънавий озуқа олишга манба бўлсин – дерди.

– Муаллиф йиғлаб ёзгандан сўнг, ўқиган одам ҳам йиғлайди-да дердим, гапимни уқтиришга ҳаракат қилиб.

Устоз мийиғида кулиб, ишида давом этарди. Ҳозир ўйлаб қарасам, мазмун жиҳатдан бўш мақолаларимга “жон” бахшида этиб, уни қайта ҳаётга қайтарган экан-да, ўшанда.

Устознинг хатоларим устидаги таҳрирларини сақлаб қўйганман. Ҳар гал бу қоғозларни синчиклаб кўрар эканман, мақола ишлашнинг қанчалик оғирлигини юракдан ҳис этаману, унинг сабр-бардошига қойил қоламан. Худди унинг нурли сиймоси асарларимнинг энг мазмунли,  жойидан кулиб қараб тургандай туюлаверади менга…

Ҳамон ёдимда биринчи ҳикоям эълон қилинганида мендан ҳам кўпроқ ўзи хурсанд бўлган эдилар. Айниқса, “Кел, баҳорим, кел”, “Қаддинг букилмасин, мағрур, арчагинам”, “Бойчечагим”, “Бинафшагинам”, “Оқ қайин” каби асарлар дунё бетини кўрганда хонамга кириб, табриклаган эдилар. Лекин ўшанда ҳам хатоларимни кўрсатиб, уларни тезроқ йўқотмасам, ўз устимда ишламасам, мендан яхши ижодкор чиқмаслигини қайта-қайта уқтирган эдилар. Бугун эса ёзган мақолаларим етим, ўқийдиган, хатосини топадиган отасини йўқотиб қўйган боладай мунғайиб тургандай гўё.

Устознинг вафотидан кейинги асарларим худди устунидан айрилиб, бир томонга қийшайиб турган томга ўхшайди.

Ислом ака “Турмуш чорраҳалари” рукни остидаги асарларим устида ишлар экан, ҳазиллашиб:

– Асар суягини сен ясабсан, мен эса гўштини, дердилар ҳазиллашиб. Йўғе, унда мазанинг бари сизда экан-да, – дердим мен ҳам бўш келмай.

Ўшанда устоз ошириб юборганини билиб, вазиятни юмшатишга ҳаракат қиларди.

– Билсанг, таъмнинг энг зўри суякда-да.

– Бечора асарни ҳам ўз қаричингиз билан ўлчадингиз-а, қассоблигингизга бориб, суяк-гўштга ажратвордингиз-а, – дердим мен ҳам кулиб…

– Ҳа, қассоб, жарроҳ, ёзувчиман, бунинг нимаси ёмон, лекин болалигимда шоир бўлишни орзу қилганман, – дерди у ҳам кулиб.

Исломқул аканинг хонаси доимо гавжум бўлар, лекин мақолалар устида ишлаётганида ҳеч кимни хонасига йўлатмасди.

Аммо, ижод йўлида бирга қадам ташлаган, газета ҳаётида елкама-елка турган адаши Ислом ака Ниёзалиев келсалар, жуда эркаланиб кетардилар. Иккаловлари узоқ-яқиндан, таниш-билишдан гоҳ жиддий, гоҳ ҳазил аралаш суҳбатлашардилар.

Исломқул Абдунабиев Ислом Ниёзалиевдан икки ёш кичик бўлса-да, у билан кўп ҳазиллашардилар.

Шундай суҳбатлар қизиганида мақоламни кўтариб хоналарига кириб қолсам, Ислом ака Ниёзалиев тик турганча, узун қўлларини ҳар ёққа силкитиб, гапини янада қизиқарли бўлиши учун ўзи гапириб, ўзи куларди.

Исломқул Абдунабиев бўлса, кулгидан кўзлари қизариб, ҳадеб, “йўғе, йўғе“ дердилар.

Устоз баланд минбарларга, мақтовларга, медаль-орденларга интилмади. Ўзини бирор байрамларда тақдирлаш учун юқори лавозимдаги кимсаларга исми-шарифини олдиндан ёздирмади, ҳам. У оддий ижодкор сифатида яшади. Шогирдларининг ютуғидан қувонди, камчилигидан куюнди.

Исломқул ака ҳеч қачон ҳеч кимнинг дилини оғритмасди. Унинг яна бир олижаноб одатлари бор эди. У янгидан ишга келганларга қўлқанот бўлар, ижодда, жамоада ўз ўрнини топиб, сингишиб кетишида унинг саъй-ҳаракатлари жуда кўп эди. Айниқса, ёз фаслида таҳририят аҳли дам олишга борадиган бўлсалар, бозор қилишни ўз зиммаларига олардилар. Устоз тузаган дастурхон тўйнинг дастурхонидай тўкис бўларди.

– Газета чиқиши – улкан ютуқ, лекин, сиз билан бизнинг бундай ўтиришимиз буюк тарих, – дерди у.

Исломқул ака узоқ йиллар давомида “Сайрам садоси” туман ҳамда “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасида фаолият юритди. Унинг журналистика соҳасида масъул котиб ва редактор ўринбосари лавозимларида меҳнат қилгани ҳамда ўзидан кейин битмас-туганмас маънавий мерос қолдиргани ҳам айни ҳақиқатдир.

У шогирдларини эргаштириб юрадиган, уларга ижод йўлидаги машаққатларни енгиш ва ҳар қандай вазиятда ҳам чин инсон бўлиб қолишда маслаҳатларини аямайдиган меҳр-оқибатли устоз ҳам эдилар.

Кўп қиррали журналист, моҳир таржимон, талабчан устоз, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзган сахий инсон – Исломқул ака хотираси абадийдир. У ҳеч қачон ҳасрат қилишни билмасди. Исломқул ака иштирок этган давралар шодликка, байрамга айланиб кетарди. Бир сўз билан айтганда, тенги йўқ беназр инсон эдилар.

Бир одамда шунча фазилат бўлиши мумкинлигини устоз тимсолида кўраман, унинг ижод йўлига, бажарган эзгу ишларига ҳавас билан қарайман.

Шу кунларда устоз тирик бўлганларида 63 ёшини қаршилаш арафасида елиб-югуриб юрган бўлар эдилар. Лекин энди у орамизда йўқ. Оиласи, яқинлари, дўстлари, ҳамкасбларини доғда қолдириб, чин дунёга рихлат қилди. Лекин  Исломқул акадан улкан маънавий бойлик, эзгу ишлар ва ўлмас хотиралар қолди.

Саодат МЎМИНБОЙ қизи

Related Articles

Check Also

Close
Close