Судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, замонавий комплаенс назорат тизимини жорий этилади

Аҳолининг суд ҳимоясида бўлиш кафолатларини янада кучайтириш, судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш, шунингдек, суд тизимида 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича эълон қилинган «фавқулодда ҳолат»дан келиб чиқадиган вазифаларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2026 йил 8 июн куни “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-106-сонли Фармонини имзолади.
Фармоннинг асосий мақсади этиб судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, замонавий комплаенс назорат тизимини жорий этиш орқали коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш;
суд аппарати ходимларини ишга қабул қилиш жараёнини шаффоф тартиб-таомиллар ва очиқ танловга асосланган тарзда ташкил этиш, уларнинг салоҳияти, иқтидори, касбий сифатлари ҳамда алоҳида хизматларини одилона ва ҳаққоний баҳолаш (меритократия) асосида касбий ўстириш;
суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суднинг нуфузи ва обрўсини ошириш, суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг кўмакчисига айлантириш белгиланган.
Фармонда суд тизимининг мавжуд бошқарув штат бирликлари доирасида суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш, шу жумладан, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва тартибга солиш учун масъул бўлган Комплаенс назорат хизматини ташкил этиш белгиланган.
Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур Фармон тизимда изчил татбиқ этилаётган одил судловни таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланиб, давлат ва жамият судьяликка муносиб номзодларни танлаш, судьяларнинг малакасини ошириш янги босқичга кўтарилишига, юртимизда юқори малакали, ҳалол ва адолатли судьялар корпусини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгилаб қуйилган аниқ мақсадли йўналишлар бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларнинг изчил давом эттирилишига, судларда коррупциявий хавф-хатарларни барвақт олдини олишга ва уларни бартараф этишга хизмат қилади.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман суди тергов судьяси
Ш.Қодиров




