Кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги ҳуқуқий босқич

Иқтисодиётда барқарорликни таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ва молиявий муносабатларда ишончни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасида кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган изчил ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шундай муҳим ҳужжатлардан бири — Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган Қонун ҳисобланади.
Мазкур Қонун 2025 йил 11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 2025 йил 17 март куни Сенат томонидан маъқулланди. Қонун 2025 йил 22 апрель куни қабул қилиниб, ЎРҚ–1060-сон билан расмийлаштирилди.
Гаров муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш
Қонуннинг асосий мақсади — мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш сифатида берилган мол-мулкка нисбатан кредиторлар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш, гаров муносабатларини аниқ ва самарали ҳуқуқий механизмлар орқали тартибга солишдан иборат.
Хусусан, гаровга қўйилган мол-мулкни аукцион орқали сотиш жараёнларини соддалаштириш, уларни шаффоф ва тезкор амалга оширишга қаратилган нормалар жорий этилди. Бу эса мол-мулкни реал бозор қийматида сотиш имкониятини кенгайтиради.
Суддан ташқари ундириш амалиётини такомиллаштириш
Қонунда гаров билан таъминланган мажбуриятларни суддан ташқари тартибда ундириш амалиётини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу орқали суд юкламасини камайтириш, тарафлар ўртасидаги иқтисодий низоларни тез ва самарали ҳал этишга шароит яратилди.
Шунингдек, қарздор ва кредитор ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар мувозанатини таъминлаш, гаров предметини реализация қилишда ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш кўзда тутилган.
Иқтисодий фаоллик ва инвестиция муҳити учун муҳим қадам
Қабул қилинган ўзгартириш ва қўшимчалар мамлакатимизда молиявий муносабатларнинг барқарорлигига, кредит тизимига бўлган ишончни оширишга ҳамда инвестиция муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади. Бу эса тадбиркорлик субъектлари учун кенг имкониятлар яратиб, иқтисодиёт ривожига ижобий таъсир кўрсатади.
Мазкур Қонун Ўзбекистонда бозор муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва замонавий молиявий тизимни шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро судининг архив мудири
Шарипов Дониёр Шарипович




