Интернетдан фойдаланиш одоблари

Ҳозирги кунда давлатимизда ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати ахборот ресурсларини янги ахборот тизимлари, технологияларини яратиш, ривожлантириш ва такомиллаштиришда дунё бўйлаб замонавий тамойилларни ўрганиб чиққан ҳолда ўз миллий ахборот тизимини ишлаб чиқишга қаратилган. Шу ўринда таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамай кейинги пайтларда интернет билан боғлиқ бузғунчиликлар, глобал тармоқдан қабиҳ мақсадда фойдаланаётганлар кўпайиб бормоқда. Оқибатда, залолатга бошловчи электрон нашрлар ва видеолавҳалар кенг ёйилмоқда. Ғаламис кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Ўзларини «яқин дўст» сифатида таништириб, ёшларни тўғри йўлдан чалғитмоқда. Бошқа томондан қараганда, улар бу жоҳиллиги билан бошқаларни ҳам жар ёқасига тортаётгани ва кимнингдир ноғорасига ўйнаётганини билмайдилар. Бундайлар аввал дину диёнат, ибодат ҳақида турли жозибали сўзларни гапириб, ғўр ёшларни йўлдан уриб, охир-оқибатда, разолат қурбонига айлантирмоқда.
Интернетдан олинган нарса тўғри, ишончли ва зарарсиз эканини билиш керак. Яхши-ёмоннинг фарқига бормаган ёшлар интернет орқали тарқатилган ҳар қандай маълумот-хабарларни ҳақиқат деб қабул қилаётгани жиддий хавотирга солади. Сарҳадсиз интернет дунёсига кирган шахс вақт, умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Зеро, бу глобал тармоқ бепоён ҳудудларга эга бўлиб, унда инсон адашиб соатлаб, кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин. Таассуфки, бугун ёшларимизнинг аксарияти глобаллашув туфайли Европа ва хорижий маънавий-маданий оқимлар таъсирига кўпроқ иштиёқманд бўлиб, миллий маънавиятимизнинг ҳаётбахш, юксак ахлоқийликка асосланган тамойилларга ихлосмандлиги суст кечмокда. Инсон қадри, масъулияти, ахлоқига беписандлик баъзи ёшларнинг кийиниши, феъл-атвори, юриш-туришида яққол кўзга ташланиб қолмоқда. Бизнинг назаримизда инсон қадрияти унинг ахлоқийликка йўналгани билан белгиланиши керак.
Айникса, интернет олами фарзандларимиз эътибори ва қизиқишини тортиб бораётган бугунги даврда айрим компьютер ўйинлари ҳақида ҳам шундай мисолларни кетириш мумкин. Мутахассислар маълумотларига кўра, интернет орқали таркатиладиган компьютер ўйинларининг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга, 41 фоиз жангари (турли отишмалар ва портлашларга асосланган) ўйинларда эса ўйин қаҳрамони ўз максадига етишиш учун шундай зўравонлик ва ёвузлик содир этади. 17 фоиз ўйинларда ана шу зўравонлик ва ёвузликнинг ўзи бош максад ҳисобланади. Турли жанговар, менталитетимизга мос бўлмаган, баъзан қаҳрамонлик ваҳшийликка ўтиб кетадиган бу каби ўйинлар фарзандларимиз ахлоқий-эстетик тарбиясига тўғри таъсир кўрсата олади дея олмаймиз. Бир қарашда улар оддий ўйиндек кўрингани билан зўравонлик ғоялари, ёвузлик кайфиятини уйғотиши жуда кўп салбий окибатларга олиб келгани хусусида ҳаётий мисоллар кўплаб топилади. Ёшларимиз онгини эгаллашга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга, миллий манфаатларимизга рахна солишга, маънавиятимизга тажовуз қилишга, умримиз мазмуни бўлган тарихий хотирамизни бузишга уринаётган ғаразли кучларга карши доимо огоҳ туришимиз даркор. Ана шундагина бизни ҳеч ким, ҳеч нарса ўз танлаган йўлимиздан ортга қайтара олмайди ва биз кўзлаган улуғвор максадларимизга албатта етамиз.
Юртимизга ғарб маданияти асосан интернет тармоғи орқали кириб келаяпти. Ёшларнинг ҳаёсизларча кийиниши, таналарига расм чиздириши, қулоқ ва бурунларини тешиб, «зирак» тақиб олишлари, қиз болаларнинг ўғил болаларга ўхшаб кийиниши каби «мода» унсурлари айнан интернет орқали ёйилаётгани аниқ. Интернетдаги ғоявий тузоқлар гўё маданиятга ўхшаши ва ёшларга мойдек ёқиши билан ҳам хатарлидир. Инсоний ахлоқда терс оломонча маданият айрим ёшлар онгига чанг солиб, маънавият кушандасига айланмокда. Ачинарлиси, мазкур «маданият» таъсирига берилиб қолганини ёки унинг қурбонига айланаётганини кўпинча ёшлар ўзлари сезмайди.
Глобал ахборот тизимидаги хабарларни «фильтрсиз» қабул қилиш оқибатида ёшлар онги заҳарланмоқда. Бундай жирканч «маданият» таъсирига берилган ўсмир лоқайд, ҳаётга енгил-елпи қарайдиган, юрт равнақи ва халқ тинчлигига бефарқ кимса бўлиб улғаяди. Шунингдек, оломонча маданият тузоғига илинган болалар инсон истаган ишини қилавериши мумкин, деб билади, яъни ўтакетган манқуртга айланиб қолади. Ижтимоий тармоқларнинг оила ва жамият барқарорлигига солаётган энг катта тахдидларидан яна бири – улардаги мулоқотлар сабабли кўплаб тинч-тотув оилалар барбод булиб кетаётганидир. Фарзандининг истиқболини, ёрқин келажагини истайдиган ҳар бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор бермоғи зарур.
Гулчехра Махмадиева, Термиз иқтисодиёт ва сервис университети ўқитувчиси (PhD)






