Жиноят ишини тафтиш инстанциясида кўриш
2023 йил 27 сентябрь куни “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 869-сонли қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунга кўра, қонуний кучга кирмаган суд қароларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгитдан кўриш учун қуйи инстанциясудларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Тафтиш инстанцияси суди — ҳукм ёки бошқа суд қарори апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилганидан сўнг, шикоят бериш ва протест киритиш ҳуқуқига эга бўлган тарафларнинг шикоятлари асосида мазкур қарорларнинг қонунийлиги ва асослилигини текширади.
Суд қарорларини қайта кўриш — вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймаслик мақсадини кўзлайди.
2024 йил 1 январдан бошлаб, судларда суд ҳукми, ажрими ва қарори устидан шикоят қилишнинг янги тартиби, яъни ишларни тафтиш тартибида кўриб чиқиш институти амалиётга тақбиқ қилинди.
Тафтиш тартибидаги шикоят Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари, ҳарбий суд томонидан, уларнинг тафтиш тартибида қабул қилган суд қарорларидан норози бўлиб келтирилган шикоятлари эса, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади. Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида кўрилган ишлар юзасидан чиқарилган суд қарорлари устидан манфаатдор шахсларнинг мурожаатига асосан Олий суд раиси ёки Бош прокурор томонидан тафтиш тартибида протест киритилиши мумкин ва тафтиш тартибидаги ушбу протест Олий суд Раёсатида такроран тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2024 йил 25 июндаги “Судлар томонидан жиноят ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 18-сонли қарорида кўрсатилишича, тафтиш инстанцияси суди ЖПКнинг 482-моддасига мувофиқ ишларни тафтиш тартибида кўришда тафтиш шикояти (хусусий шикояти), протести (хусусий протести) бўйича ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тўлиқ аниқланганлигини ва жиноят кодекси нормалари тўғри қўлланилганлигини, иш юритишни амалга ошириш чоғида
ЖПК нормаларига риоя этилган-этилмаганлигини, биринчи инстанция, апелляция, кассация инстанцияси суди ҳукмининг, ажримининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги ишда мавжуд бўлган ҳамда тафтиш инстанцияси суди томонидан қўшимча равишда текширилган далиллар бўйича текширади.
Бироқ, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жиноят-процессуал қонуни нормалари жиддий бузилганлигининг аниқланиши тафтиш инстанцияси судини протестда келтирилган бошқа важлар (айбловнинг исботланганлиги, квалификациянинг тўғрилиги, жазонинг адолатлилиги тўғрисида ва ҳ.к)ни ҳам мазмунан кўриб чиқиш ва улар бўйича ажримда тегишли хулоса чиқариш мажбуриятидан озод этмайди.
Мақолани ёзишда интернет маълумотларидан фойдаланилди.
Сурхондарё вилоят суди
судья катта ёрдамчиси Дж.Маматалиев