Hodisalar

Рамзан Қодиров Россияда миграция сиёсати кескинлашганини танқид қилди

«Кимдир қасддан Россияни қўшни қардош минтақаларга қарши қўяётгандек туюлади. Дуч келган хорижликка худди қутургандек ташланишмоқда, миграция сиёсати бундай жирканч тарзда ўзгартирилмаслиги керак. Улар такаллуфсиз ҳибсга олинмоқда ва охирги пайтларда бу воқеалар жуда шафқатсиз тусга кирган», демоқда Қодиров.

Унинг сўзларига кўра, «муҳокама қилинаётган муаммони» мигрантларни оммавий ҳайдаб чиқариш йўли билан ҳал қилиб бўлмайди. Ва бу муаммо Россияга келаётган одамларнинг айби билан эмас, балки «бир пайтлар миграция сиёсатини юритиши керак бўлганларнинг бепарволиги, ўз ваколатлари доирасидаги муаммоларни ҳал қилолмаслиги ва ҳар қандай кескин жараёнларга зудлик билан жавоб бера олмаслиги туфайли юзага келган.

Қодировнинг айтишича, Россия расмийлари «мигрантларга нисбатан нафрат уйғотиш» билан ҳеч нарсага эриша олмайди. Чеченистон раҳбари «миграция назоратининг ваколатли тизимини яратиш, бу соҳада тўғри сиёсат қуришни» таклиф қилди.

«Мен бу ўрта аср ёндашувларидан воз кечиб, муаммони мақсадли ҳал қилиш устида ишлашни сўрайман. Асосийси, мигрантлар орасида қонунбузарлар ҳам борлигини, қонунни ҳурмат қилувчилар ҳам борлигини тушуниш керак. Айтганча, иккинчиси анча кўп ва бу муҳим. Майли, биз бугунги мигрантларни тўлиқ таъқиблар ва тозалашлар орқали ҳайдаб чиқарамиз, лекин эртага бошқа давлатлардан бошқалар келади ва улар яхшироқ бўлишига ким кафолат беради?» деб хулоса  қилди у.

Дарҳақиқат, сўнгги вақтларда Россия сиёсатчилари томонидан Россиядаги барча муаммолар учун мигрантларни айбдор қилиб кўрсатиш кампанияси авж олди.

Related Articles

Back to top button