Madaniyat

Йўл қоидаси-умр фойдаси!

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси мустақилликга эришгандан сўнг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар ҳаётга изчил жорий этила бошланди. Республиканинг бозор иқтисодиётига ўтиб бориши, автомобиль саноатининг вужудга келиши, хорижий мамлакатлар билан тенг ҳуқуқли иқтисодий алоқаларнинг йўлга қўйилиши, фуқароларнинг моддий фаровонлиги ортиб бориши табиий равишда автомобиль йўлларида ва шаҳар кўчаларида ҳаракат миқдорининг ортиб боришига олиб келди.

Транспорт воситалари билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилиши натижасида, давлат, жамият ва шахс манфаатларига моддий зарар етказилиши, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилиши, мулкий ва бошқа зарарлар келиб чиқиши мумкин.

Баъзи ҳолларда мазкур турдаги жиноятларнинг содир этилиши одамлар ўлимига сабаб бўлаётганлиги ачинарли ҳолат эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Йўлларда автотранспорт воситаларининг хавф хатарсиз ҳаракат қилиши ва ҳар қандай ҳайдовчига транспорт воситаларини бошқаришда салбий таъсир кўрсатадиган омилларни бартараф этиш ҳозирги кунда долзарб муаммо бўлиб келмоқда.

Мамлакатимиз олдида ҳозирги ва истиқболдаги асосий масалалардан бири сифатида автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, уларда ҳалок бўлувчилар ва тан жароҳати олувчилар сонининг камайишига эришиш, шунингдек кўриладиган умумий ижтимоий иқтисодий зарарларни камайтириш вазифалари турибди.

Статистик маълумотларга кўра, охирги ўн йил ичида Республикамизда ҳар йили ўн мингдан ортиқ йўл транспорт ҳодисалари содир бўлади, уларда ўртача ўн икки минг киши жароҳатланади ва икки минг киши ҳалок бўлиши қайд этилган. Йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш учун кўрилаётган қатор тадбирларга қарамасдан, уларнинг миқдорини камайтиришга эришиб бўлмаяпти. Бу эса, йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоларига ўта жиддий ёндашиш зарур эканлигини, турли соҳа вакиллари, қолаверса кенг жамоатчилик олдига ўз ечимини топиши керак бўлган вазифа сифатида қўйишни талаб этмоқда.

Мазкур турдаги жиноятларга қарши курашишнинг долзарблиги шундаки, улар фуқароларнинг ўлими, соғлиги ва мулкига зарар етиши билан бир қаторда баъзи транспорт воситалари ҳайдовчиларнинг ижтимоий масъулиятсизлиги  ҳамда тартибсизлигининг, худбинлигининг жамият ва унинг аъзоларига нисбатан лоқайдлигининг кўриниши бўлганлиги билан хавфлидир.

Сурхондарё вилоят судининг

судья катта ёрдамчиси            А.Саъдуллоев

Related Articles

Back to top button