Adabiyot

Афсуски иложи йўқ!

АЗИЗ НЕСИН (ҲИКОЯ)

Ҳамма менга:
— Бўлди энди, бошингни иккита қилиб қўймасак бўлмайди! — дейдиган бўлиб қолди.
Аслида ўзимнинг ҳам ниятим шу, лекин кўнглимга ёқадиган қизни тополмай турибман.
— Битта жуда одобли қиз бор! — дея бир қизни таърифлаб қолишди.
Билиб турибман, гап қизнинг одобидан кетса, албатта ҳуснида бирор нуқсони бўлади.
— Жудаям одобли бўлмаса ҳам майли, ишқилиб, афт-ангори сал дурустроқ бўлса бўлди, қараганда кўнгил айнимаса бас, — дедим уларга.
— Ия, нима деяпсан, кўнглингдагидек қиз-а!
Ўзим ҳам худди шунисидан хавотир олиб турган эдим.
— Жуда маданиятли қиз, нақ ўзинг!
Ҳай, буниси ҳам маъқул, деяйлик. Демак, маданиятли қиз экан-да, хўп. Бундоқ ўйлаб қарасангиз, маданиятли дегани кўп ғалати нарса ўзи. Газета ва журналларда босиладиган эълонларда кўрган бўлсангиз керак, бўёқчининг шогирдидан тортиб, катта амалдоргача — ҳаммаси маданиятли хотин қидирадиган бўлиб қолган.
— Қизнинг онаси немис, отаси турк.
— Қойил, айни муддао.
Жониворларнинг ҳам, одамларнинг ҳам дурагайи яхши бўлади. Умар Сайфиддиннинг машҳур ҳикоясидаги мадам фон Садрештейн эсимга тушди. Қифти кенг, ўзи полвоннамо немис аёли эди у. Спортчиларга ўхшаб кийинадиган бу хотин ҳар куни эрталаб ҳўлида тўрва кўтариб, гурс-гурс қадам ташлаб бозорга бориб келарди.
— Бўлғуси келин немис, француз, итальян тилларида бемалол гаплашади.
Қирқ йил бўйдоқ юриб, бежиз кутмаган эканман, деб қўйдим ичимда. Сабрнинг таги олтин деб шуни айтишар экан-да.
Менинг ҳаловатимни бузган мадмуазель Элефтра бўлди. У ёши эллик тўққизга бориб қолган, кўриниши қоқ балиққа ўхшаган бир хотин эди.
— Ўзи бирам кўҳликки, трэ жоли…* — деди у. — Қадди-қомати келишган, узун бўйли, ўзиям трэ кюлтивэ…** Иннайкейин, таги жуда тоза.
— Мадмуазель Элефтра, — дедим унга, — сиз унга менинг тўғримда ҳам гапирдингизми? Ҳар ҳолда ёшим қирққа бориб қолган…
— Айтдим, айтдим… эркак кишининг қирқ ёшда ақли киради, — деди.
— Бўйим паст эканлигини ҳам шипшитиб қўйдингизми?
— Ҳа, бунисини ҳам айтдим, бўйи паст бўлса, ақли баланд бўлади, — деди.
— Бедаво репортёр эканлигимни, пайпоқ ямайдиган қизларга ўхшаб ойига атиги эллик лира ҳақ олишимни, ўшанда ҳам хўжайиннинг гапини иккита қилмаслигим шартлигини гапирдингизми?
— Гапирдим! Ўзининг уч жойда ҳовли-жойи бор. Ҳеч нарсадан муҳтожлиги йўқ.
Бўпти. Энди ўзидан кўрсин. Ҳар ким экканини ўради, деган гап бор. Ўзики бошига бало сотиб олмоқчи экан, бўпти, мен розиман.
Очиғини айтсам, уйлангани кўнглим йўқ. Аммо бир ошнам ҳар куни қулоқ-миямни ейди. Эрта-ю кеч миямда ёнғоқ чақади:
— Жон дўстим, уйлана қолгин, иккаламизнинг тақдиримиз шунга боғлиқ. Мана шу лаънати қашшоқликдан бир амаллаб қутулайлик.
— Эсингни едингми, оғайнижон, — дейман унга. — Ахир шу замонда бунақа қиз менга тегармиди!
— Ўзингни кўпам гўлликка солаверма! Бошингга бахт қуши қўнганида тентаклик қилма энди! Қани, тезроқ ҳаракатингни қил!
Ўйлаб-ўйлаб, охири рози бўлдим. Мадмуазель Элефтра қизни ишхонамга олиб келадиган, ўртоғим ҳам ўша ерга борадиган бўлди. Шунга келишдик.
Мана, белгиланган кун ҳам келди. Бўйдоқлик қандоқ азоб эканлигини билган билади, билмаган қаёқдан билади. Бир кун олдин кечқурун оқ кўйлагимни ювиб, балконга ёйиб қўйдим. Аксига, кечаси билан ёмғир қуйиб чиқди. Эрталаб кўйлакни олиб қарасам, жиққа ҳўл. Бошқасини кия қолай десам, кир экан, яна бирининг ёқаси ғижимланиб ётибди. Бўлар иш бўлди дедиму, ҳўл кўйлакни яхшилаб сиқиб, ёқаси билан енгини крахмалга солдим. Кейин дазмолни обдан қиздириб, кўйлакка босдим. Шу замоннинг кўйлаклари жуда ғалати-да: ёқанинг астари нима учундир аврасидан кенг бўлади. Қанча дазмол боссанг ҳам, ҳеч текислаб бўлмайди. Костюмни бензин билан тозаладим. Бундоқ қарасам, на тоза рўмолча бор ва на пайпоқ! Соқол олаётган эдим, алланарсанинг куйган ҳиди димоққа урди. Туриб қарасам, қизиган дазмол шимимнинг устида қолиб кетган экан, тиззадан куйдирибди. Минг лаънат шунақа ҳаётга! Илгари уйланмасам ҳам, энди уйланаман! Ҳали қуримаган кўйлакни кийдим. Шошганда лаббай топилмас дегандай, соқол олаётганда юзимни уч-тўрт жойидан кесиб олган эканман, тирқираб қони чиқиб ётибди.
Кечикяпман. Йўлдан такси олиб, ўпкамни қўлтиқлаганча идорага кириб келдим. Эшик олдида мени кутиб олган ўртоғим:
— Қаёқда санқиб юрибсан? Бир соатдан бери сени кутиб ўтиришибди, — дея тўнғиллаб берди.
— Хўш, ўзи қалай? Қаймоқдайми?
Ошнамнинг юзи девордай оқариб кетибди.
— Ҳозир ўзинг кўрасан!
Имтиҳон бераётганда ҳам бунчалик ҳаяжонга тушмаган, ишим олий судга оширилганда ҳам бунчалик қўрқмаган эдим. Юрагимни ҳовучлаб, ичкари кирдим. Кирдиму, дарҳол мадмуазель Элефтрани, унинг ёнида эса… ҳайвонот боғидан қочган бир махлуқни кўрдим. Даҳшат ичида ўртоғимга қарадим. У юзини деворга ўгириб олибди.
— Келдингизми?
— Кечирасиз, куттириб қўйдим!
Кўзларимиз тўқнашди. Олдимда турган шу столни даст кўтариб мадмуазель Элефтранинг бошига туширсаммикин! Ўзим ҳам ҳуснда берироқману, лекин бу даражада эмас-да. Менга олиб беришмоқчи бўлган бу қиздан фақат бир мақсадда фойдаланса бўлади: уни чодирга киритиб қўясану, ташқаридан туриб: «Одамлару, одамлар, эшитмадим деманглар, дунёда еттита ажойибот бўлса, саккизинчисини чодирнинг ичида кўрасиз! Келиб қолинг, кўриб қолннг!» — деб қичқираверасан.
Аввалига уни сайил ва байрам кунлари кўча-кўйда одамларга томоша қилдирса, кейин эса қишлоқма-қишлоқ юриб, бутун Анатолияга кўрсатиб чиқса бўлади. Иложини топсанг, Европа билан Америкага ҳам етаклаб борсанг бўлади. Қолаверса, савобли иш қилган ҳам бўласан, мамлакатингни чет элларда тарғиб қилиб, бегоналарни унинг ҳайвонот олами билан ҳам таништириб чиқасан.
Ниҳоят, у билан қўл бериб сўрашдик.
— Қалайсиз? Саломатмисиз?
— Мерси! Ўзингиздан сўрасак?
Мадмуазель Элефтранинг саволи томдан тараша тушгандек бўлди:
— Қалай, ёқдими?
— Мадмуазель Элефтра, Истамбулда ҳайвонот боғи очилармиш, сиз эшитмадингизми?
— Йўқ, эшитмадим, — совуққина жавоб берди у.
Илгарилари армияда тўп тортадиган бир хил отлар бўларди. Ҳарбий парадларда бу бояқишларнинг тумшуғи билан яғринидан дув-дув тер тўкиларди. Бу қиз ҳам ўшанақа отга ўхшайди. Лекин менга хотинликка мўлжалланган бу махлуқнинг олдида ўша отнинг афзал томони бор — у жим десанг, жим бўлади. Буниси эса чакаги тинмай валдирайди, бунинг устига, оғзи компас стрелкасидай бир томонга йўналиб турганлигидан нима деяётганлигини ҳечам тушуниб бўлмайди. Одатда биров гапирганда, жавоб бермаслик одобдан эмас, лекин унинг гапига тушунмаётган бўлсам нима қилай! Гапига тушунмаган тақдирингда ҳам одамнинг кўзига қараб, «ҳа» ёки «йўқ» деб турсанг бўлади, аммо манавининг қовоқлари кўзини ёпиб қўйганлиги учун, бозор кунлари туйнукдан савдо қилаётган баққолга ўхшаб олазарак қарайди. Хуллас, худо уни яратгану, бу бадбашара махлуқни кўриб ўзи ҳам ҳайрон бўлган. Худо ҳар нарсага қодир, деб шуни айтар экан-да!
Тўрт тилни билади, дейишган эди, бўлмаган гап экан. Маълум бўлишича, дўконда ишлаб юрганида сал-пал французча билиб қолган, мижозлар уни кўриб дўконга кирмай қўйганларидан кейин ишдан қувилган экан. Онасини немис дейишувди, бу гап ҳам чатоқ чиқди. Аслида онаси эмас, бундан ўн йил олдин қўшниси немис бўлган экан. «Уч жойда уйи бор» дейишган эди, турган-битгани лоф бўлиб чиқди. Учта ҳовлиси эмас, уч, хонали уйи бору, бу ҳам гаровга қўйилган экан. Бунинг устига, уй саккиз ака-уканинг ўртасида экан.
— Қалай, сизга ёқдими? Ҳозир гаплаша қолайлик! — яна сўради мендан мадмуазель Элефтра.
Мушкул аҳволда қолдим. Борди-ю, илтифот юзасидан «ҳа» дейдиган бўлсам, дарров тўйдан гап бошланиши аниқ. Тилим ғўлдираб қолди:
— Биласизми… Бунақа нозик масалада… Лаббай? Эркак кишидан олдин… Хотин кишининг фикри… э… Менга қолса, албатта… Менинг фикримни билмоқчи бўлсангиз…
Қиз бояқишга бундоқ қарасам, оғзимга кўз тикиб ўтирган экан. Ўртага жимлик чўкди.
— Ҳаво бирам яхшики!..
Чўкаётган одам хасга ёпишади, дегандай, дарров унинг гапини илиб олдим:
— Тўғри айтасиз, хоним, ҳаво жуда ажойиб. Бу йил…
Об-ҳаводан гап кетса, бир ҳафта сурункасига гапиришим мумкин.
Аммо шу он раҳмим қўзғади. Буни қаранг, худо қарғаган бечора бир қиз турмушга чиқмоқчи бўлибди-ю, унинг ёлғиз умиди мен эканман. Сизга ёлғон, худога чин — кўзимга ёш олдим. «Шу шўрликка уйлана қол! — дедим ўзимга ўзим. — Ҳаётингда кўп ножўя ишлар қилгансан, нари борса бу ҳам шунинг биттаси бўлар. Қолаверса, савоб иш қилган ҳам бўласан!»
— Бу йил ҳаво ўтган йилдагига сира ўхшамайди.
— Шундоқ, афандим!
Қизнинг бетига тикиламан. Яшириб нима қилай, миямга бир фикр келди: унга уйлангач, бир кунмас бир кун унинг ана шу бетидан, албатта ўпишга тўғри келар. Мен ўшанда лабимни теккизишим мумкин бўлган нуқтани унинг юзидан қидираман. Бўжама билан ҳуснбузар дастидан тирноқдай бўш жой қолмабди. Яна ўша ниятда қизнинг соч ва қўлларига разм соламан. Тавба, ҳеч қаерида бўш жойи йўқ-а! «Сен шоиртабиат кишисан, — тасалли бераман ўзимга ўзим, — хаёлга бой одамсан, шунинг учун унинг афтига қарайсану, бошқа бир жононнинг юзини хаёлингга келтирасан».
Ўша куни роса икки соат об-ҳаводан гаплашиб ўтирдик. Улар билан хайрлашаётганимда, қизнинг чап оёғи ўнг оёғидан калтароқ эканлигини пайқадим. Бу гал қизнинг нуқсонини кўриб раҳмим келди.
Улар эшикдан чиқиб кетиши билан ошнам мендан сўради:
— Хўш, нима дейсан?
— Мен шу қизга уйланаман!
— Ия, эсингни едингми?
— Бундан яхши хотин тополмайман! Шунга албатта уйланаман.
Кечқурун мадмуазель Элефтра келиб қолди.
— Уйланадиган бўлдим! — дедим унга.
— Кимга?
— Кимга бўларди! Сиз билан келган қизга-да!
— Афсуски, иложи йўқ, — деди у бош чайқаб. — Сиз унга ёқмабсиз!!»

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси

___________
* Трэ жоли — ғоят чиройли (франц.)
** Трэ кюлтивэ — жуда ўқимишли (франц.

Related Articles

Check Also
Close
Back to top button