Adabiyot

Бугун Тоғай Муроднинг туғилган куни

Тоғай Мурод (асл исм-шарифи Менгноров Тоғаймурод) (1948 йил 3 феврал куни Сурхондарё вилояти Денов тумани Хўжасоат қишлоғида туғилган. 2003 йил 27 май куни  Тошкент шаҳрида вафот этди) — Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1999). Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1972).

Республика радиосида муҳаррир (1972—75), «Ўзбекистон физкультурачиси» газетасида (1976—78), «Фан ва турмуш» журналида (1982—84) адабий ходим бўлиб ишлаган. 1984—86 йилларда Москвада Олий адабиёт курсида ўқиган.

Дастлаб кичик ҳикоялари, очерклари эълон қилинган. Биринчи йирик қиссаси — «Юлдузлар мангу ёнади» (1976). «От кишнаган оқшом» (1979), «Ойдинда юрган одамлар» (1980), «Момо Ер қўшиғи» (1985) қиссаларида қишлоқ ҳаётига хос манзаралар акс этган. Уларда ҳалол, оқкўнгил, тўғрисўз, мард ўзбек кишиларининг бетакрор образлари яратилган. Ўзбек адабиётининг ютуғи сифатида эътироф этилган бу қиссалар тилининг шоирона жозибадорлиги, характерларнинг ёрқинлиги, миллий руҳи билан ажралиб туради.

«Ойдинда юрган одамлар» қиссаси қаҳрамонлари Қоплон ва Оймомо фарзанд орзу-илинжида кун, ой, йилларни бир-бирига улаб яшашади. Ҳали туғилмаган боланинг бобоси, момоси бўлиб, зурриётни, бир-бирларини ардоқлашади. Асар қаҳрамонлари фожеаси умид ва ёруғликка тўла мунгли, ҳазин қўшиқ қилиб куйланади. Мазкур асар учун адиб Ойбек мукофотига сазовор бўлган.

«Момо ер қўшиғи» қиссасида ўз ғояси ва услуби билан ўзга қиссалардан ажралиб туради. Унда миллий заминдан оёғи узилган, Ватан тупроғида яшаб, юрагида юрт туйғуси бўлмаган кишиларнинг образлари ғарб адабиёти сиғинди бандаси бўлиб қолган ижодкор мисолида ўзбекона киноя билан тасвир этилади.

Тоғай Мурод ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши анъаналарини муваффақият билан давом эттирган. «Отамдан қолган далалар» (1993) романида Ўзбекистоннинг мустамлакага айланиши ва туну кун меҳнат қилиб, яшаётган ўзбек деҳқонларининг мустабид тузум йилларидаги оғир ҳаёти, изтироблари ҳаётий лавҳаларда ҳаққоний чизиб берилган. Асардаги Деҳқонқул ўзбек меҳнаткашларининг умумлашган образи даражасига кўтарилган. У бошига ёғилган минглаб мусибатларга чидаб яшашга мажбур бўлса-да, ўз инсоний шаъни, қадр-қимматини баланд тутади, мустамлакачиларнинг югурдакларини аёвсиз фош этади. Асар асосида бадиий фильм яратилган (2001). Ёзувчи 1994 йил “Отамдан қолган далалар” романи учун Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.

«Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романида ҳам ўз ижодий мезонларига содиқ қолиб, ёлғон эътиқодлар, сохта шиорларга алданиб, ҳаётини елга совурган собиқ фирқа раҳбарларининг мажозий образларини ҳажвий бўёқларда тасвирлаган.

Вафотидан сўнг “Танланган асарлар”и (1-жилд, 2008; 2-жилд, 2012) чоп этилган.

Тоғай Мурод Жек Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва ҳикояларини, Э. Сэтон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» қиссасини ўзбек тилига таржима қилган.

Тоғай Мурод Ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшган адиб. Унинг асарларини ўқувчилари севиб мутолаа қилишади. Севимли адибимизнинг порлоқ хотираси ҳеч қачон унутилмайди.

Related Articles

Close