Президент ваъда қилган “Спарк” автомашинаси эгасига топширилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз шаҳридаги Ал Ҳаким ат-Термизий номли 1-вилоят ёш физик-математиклар мактаб-интернатининг 10-синф ўқувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Рухшона Абдураззақовага Президентимиз совғаси – “Спарк” енгил машинасини топширди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида Термиз шаҳридаги Боғишамол маҳалласида бунёд этилган 9 қаватли уйларни бориб кўрди ва замонавий уйда истиқомат қилаётган икки оила – Наргиза Раҳимова ҳамда Фаррух Эгамовнинг хонадонларида бўлди.
Давлатимиз раҳбари осмонўпар янги уй эгаларига яратилган шароитлар билан танишиб, самимий суҳбатлашди. Н.Раҳимованинг қизи Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Рухшона Абдураззақова ўзининг ҳаёти, таълим соҳасидаги ютуқлари, адабиёт йўналишидаги изланишлари ҳақида гапириб берди. Яқинда ёшлар иттифоқи сардори этиб сайланганини фахр билан сўзлади. Истеъдодли ёш ижодкор давлатимиз раҳбарига китобларини туҳфа этди.
Р.Абдураззақова Термиз шаҳридаги Ал Ҳаким ат-Термизий номли 1-вилоят ёш физик-математиклар мактаб-интернатининг 10-синфида ўқийди. Президентимизнинг фармони билан ўтган йили Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ўтган йилларда учта шеърий китоби нашр этилган. “Ёш китобхон” танлови республика босқичида ҳам фаол иштирок этган.
Президентимиз суҳбат якунида изланувчан, чуқур билимга эга қизни тарбиялаб, камолга етказаётгани учун унинг онаси Наргиза Раҳимовага миннатдорчилик билдириб, “Спарк” енгил автомашинасини совға қилди.
Мазкур совғани тантанали топшириш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, маҳалла аҳли, ёшлар ва Рухшона таълим-тарбия олаётган мактаб-интернат жамоаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Байрамона ўтган тадбирда Республика ёшлар иттифоқи агентлиги директори А.Саъдуллаев, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор М.Хожиматов, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, сенатор О.Соатов, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси, сенатор С.Сайидов ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатлари, одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
– Президентимизнинг кутилмаганда хонадонимизга келиб, биз билан самимий суҳбат қилганидан ҳаяжонланиб қолдим, – дейди Рухшона. – Менинг ҳар бир гапимни эътибор билан тинглаб, “Спарк” енгил автомашинаси совға қилишини айтганларида қулоқларимга ишонгим келмади. Беихтиёр онамнинг ҳам менинг ҳам кўзимизга севинч ёшлари келди. Бу совға ҳаётимни янада ўзгартириб, улкан марраларни кўзлашга ундади. Бу юксак ишончни албатта оқлайман.