ТОМОРҚА МАДАНИЯТИ ЙИЛДАН ЙИЛГА ЮКСАЛИБ, ОИЛАЛАР ДАРОМАДИ ОШМОҚДА
Анъанага кўра туман ҳокими иштирокида бир ойда бир марта ўтказилаётган матбуот анжуманининг бугунги мавзуси “Бир маҳалла бир маҳсулот тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар” хусусида бўлди.
Халқимиз азал-азалдан рисқ ундириш, боғ яратишнинг ҳадисини олган. Бугунги кунда, туманимизда кўпчилик ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, 3 мартагача ҳосил олмоқда.
Томорқадан самарали фойдаланиш, унда етиштирган маҳсулотларимиз даструхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашга хизмат қилади. Туманимиздаги қайси бир маҳалладаги хонадонга кирманг мўъжазгина томорқасида иссиқхона қуриб, унда помодор, бодринг, картошка, пиёз, қулупнай, булғор қалампирини меҳр билан етиштираётганига гувоҳ бўласиз.
Аҳоли томорқаларига экспортбоп маҳсулотларни экиш юзасидан ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
— Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олиб, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳар бир маҳаллани мева-савбзавот етиштириш, кичик иссиқхоналарни ташкил этиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, каби йўналишларга ихтисослаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — дейди ўз сўзида туман ҳокими Бахтиёр Худойберганов. — “Ғармақўрғон”, “Сауртепа”, “Зарбдор” ва “Ёшғайрат” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли кўпроқ деҳқончилик билан шуғулланишади. Маҳалла фаолларининг сайъ-ҳаракати билан томорқадан самарали фойдаланиш мақсадида иссиқхона фаолиятини йўлга қўйган. Маҳаллаларда мавжуд иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотлар бозор расталаридан ўрин олмоқда. Маҳалла аҳли иссиқхонада маҳсулот парваришлаш сирларини бир-бирларига ўргатишдан чарчамайди. Шунинг учун деярли ҳамма хонадонда иссиқхона бор. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самарасини бермоқда. Маҳалла аҳолиси ана шундай эътибор самарасида томорқадан унумли фойдаланиб, оиласи фаровонлиги, бозорларимиз тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётир.
Халқимизда “Бахт калити меҳнатда” деган нақл бор. Унинг замирида жуда катта ҳаёт мазмуни ётибди. Боқимандалик кайфиятидаги аҳолини меҳнатга ўргатиш, одамларга томорқанинг қўшимча даромад манбаи эканлигини асослаб, ундан унумли фойдаланишга йўналтириш эса хонадонлардаги файзу баракани ошириши тайин.
Туманимизнинг “Қораариқ” ва “Ойнакўл” маҳалласида яшовчи фуқароларнинг томорқасида қовун ва тарвуз маҳсулотлари экилган бўлса, “Катта Савур”, “Хўшчекка”, “Озод” маҳалласининг фуқаролари кўпроқ шоли экини парвариш қилишмоқда.
“Қоқайди”, “Оққўрғон” ва “Жарқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳам ўз томорқаларидан самарали фойдаланишмоқда. Асосан помидор маҳсулоти парваришлашга ихтисослашган “Қўштегирмон”, “Кушон” ва “Оқтумшуқ” маҳалласининг фуқаролари даромад манбаи бўлган томорқасидан яхшигина фойда олишмоқда.
“Офтобмакон” ва “Тамаддун” маҳалла фуқаролар йиғинларида иссиқхонада помидор, бодринг, қулупнай маҳсулотларини меҳр билан парвариш қилаётган фуқароларимиз дастлабки ҳосилни йиғиб олишди. Айни вақтда улар иккинчи экинни экиш тараддудида. Бу маҳаллаларда яшовчи ҳар бир томорқачининг иссиқхонада меҳнат қилиш борасида ўз қарашлари, сизу бизга илинадиган тажрибалари бор. Иссиқхона қуриб, унинг ортидан яхшигина даромад қилаётган ҳар бир фуқаронинг тажрибасидан бутун маҳалла аҳли самарали фойдаланишни мақсад қилган.
-Туманимизда томорқа маданияти йилдан-йилга юксалиб, оилалар даромади ошмоқда, — дейди Б. Худойберганов. — Шунданми, фуқароларимиз томорқадан унумли фойдаланишмоқда. Зеро, деҳқончиликда ҳикмат кўп. Буни билган туманимиз аҳолиси томорқасидан самарали фойдаланиб, картошка, бодринг, булғор қалампири, помидор маҳсулотларини парваришлаб кўпроқ ҳосил олиш ниятида. Албатта, томорқа маданиятига эътибор фаровонлик демакдир. Бўш ерлардан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган тарғибот ишлари ўз самарасини бераётир. Маҳалладаги ҳар икки хонадоннинг бирида иссиқхона бор. Йилнинг тўрт фаслида барча сабзавотлар муҳайё.
“Ибн-сино”, “Оқтумшуқ” ва “Эгарчи” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи фуқароларимиз етти хазинанинг бири бўлган асаларичилик билан шуғулланишмоқда. Бугуги кунда “Яккабоғ” маҳалласининг аҳолиси 1500 дан ортиқ, “Олийҳиммат” ва “Шакаркўл” маҳалласининг фуқаролар эса 5000 дан ортиқ курка, товуқ, ғоз ва ўрдак боқишяпти.
Туманимиздаги “Ободон” ва “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомад қилувчи фуқаролар томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш баробарида чорвачилик билан ҳам шуғулланиб келишмоқда. “Ободон” маҳалласидаги ҳар бир хонадонда чорва моллари мавжуд бўлиб, улар асосан бўрдоқичилик билан шуғулланиб келишмоқда.
“Гулистон” маҳалласида ишлаб чиқариш цехларини ривожлантириш мақсадида 4 та ғишт (шлакаблок) ишлаб чиқариш цехи, 6 та мебел ишлаб чиқариш цехи ва 1 та яшик ишлаб чиқариш цехлари ўрнатилди. Кўпроқ аҳолиси савдо сотиқ билан шуғулланадиган “Боботоғ” ва “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинларида маиший савдо нуқталарини кўпайтириш, савдо марказларини очиш режалаштирилган. “Алишер Навоий” маҳалласида 12 та ғишт (шлакаблок) ишлаб чиқариш цехлари ишлаб турибди.
Матбуот анжуманида туман ҳокими иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.