Kasbim-faxrim

Ўзбекистонда агрокластерлар тизимини жадал ривожлантиришга хизмат қилувчи қонун ва ҳукумат қарори қабул қилиниши кутилмоқда

Бугун бутун дунёда озиқ овқат хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масалага айланди. Айни пайтда қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш, қишлоқ аҳлининг турмуш шароитини янада яхшилаш, манфаатдорлигини таъминлаш масалалари бевосита қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг замонавий усули — кластерлар тизими билан боғлиқ.

Ўзбекистонда ҳам, сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида қўшилган қийматлар занжирини яратиш, табиий ва моддий ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида кластер усули кенг татбиқ этилмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида 462 та агросаноат кластери (2,2 миллион гектар ерларда) фаолияти йўлга қўйилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизими мутахассисларининг эътироф этишича, ўтган қисқа вақтда ушбу тизим ўзини ҳар томонлама оқлаганлиги эришилаётган натижаларда яққол номоён бўлмоқда. Лекин, ўтган даврдаги тажриба ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасида қатор масалалар борлигини ҳам кўрсатди.

Жумладан:

  • агросаноат кластерининг ҳуқуқий мақоми белгиланмаган (мисол учун, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда агросаноат кластерининг мақоми, унинг мезонлари ва тугатиш асослари мавжуд эмас);
  • агросаноат кластерларини ташкил этиш юзасидан ягона ёндашув мавжуд эмас;
  • агросаноат кластерлари ва давлат ўртасидаги муносабатлар қонуний тартибга солиниши лозим;
  • фермер хўжаликларини агросаноат кластерлари билан эркин ишлашини таъминлаш мақсадга мувофиқ;
  • агросаноат кластерларига ер участкаларини ажратишда ягона ёндашув бўлиши лозим;
  • агросаноат кластерлари ва фермерлар фаолиятига маъмурий аралашувларни тўлиқ чеклаш;
  • агрокластерларнинг ривожланишига асосий туртки бўладиган қишлоқ хўжалиги кооперацияларини шакллантириш тизимининг мавжуд эмаслиги.

Бугунги кунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўтган давр таҳлили ҳамда хорижий давлатларнинг тажрибаларини чуқур ўрганган ҳолда агросаноат кластерлари фаолиятида мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича тизимли иш ташкил этилмоқда.

Хорижий тажрибаларга эътибор қарацак, АҚШ, Канада, Япония, Хитой, Европа мамлакатлари тажрибасида агросаноат кластерлари фаолияти қонун (норматив-ҳуқуқий ҳужжат) билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган. Мазкур муносабатлар фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар асосида, жумладан шериклик шартномаси, кооперацияга бирлашиши орқали амалга оширилади.

Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, агрокластерлар ва кооперация муносбатларини ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, соҳанинг етук мутахассилари, олимлар, амалиётчилар ва экспертларни жалб қилган ҳолда«Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳаси 2021 йил 3 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди. Бугунги кунда, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари, экспертлар ва соҳа мутахассислари томонидан билдирилган таклифлар асосида иккинчи ўқишга тайёрланди.

«Қишлоқ хўжалигида кооперация тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини яратиш, кооперативлар фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, хўжалик субъэктлари учун муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга ёрдам беради.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини тартибга солувчи нормаларни ягона ҳужжатда унификация қилиш ва тизимлаштириш, ушбу соҳасидаги муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солиш, қонун ҳужжатларидаги зиддиятлар ва бўшлиқларни бартараф этишга эришилади.

Қонун лойиҳаси йирик кооперацияларни ташкил этиш, улар фаоиятини мувофиқлаштириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, молиялаштириш бўйича рағбатлантирувчи чора-тадбирларни қўллаш масалаларини кўзда тутади. Айнан, қишлоқ хўжалаги кооперациялари ташкил этилиши, уларга ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатвчи, тайёрловчи ва таъминот корхоналарининг бирлашиши қишлоқ хўжалигида кластер тизимининг жадал ривожланишига туртки бўлади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, «Агросаноат кластерлари мақоми ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан келишилган.

Қарор лойиҳасида агросаноат кластерлари мақоми ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш назарда тутилмоқда. Жумладан, ушбу қарор билан:

  • агросаноат кластерининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда («агросаноат кластери — бу, бир ёки бир неча юридик ва жисмоний шахслар гуруҳи томонидан замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бўйича қўшилган қиймат занжири яратишни илмий, инновацион усуллар асосида амалга ошириладиган фаолият шакли»);
  • агросаноат кластери фаолияти учун ер участкалари 30 йилдан 50 йилгача муддатга ижара ҳуқуқи асосида захира ерлар, бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, қайта тикланадиган ва фойдаланишга киритиладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилиши назарда тутилмоқда;
  • агросаноат кластерларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шаклларини белгиланмоқда;
  • агросаноат кластерлари фаолиятини мониторинг қилиш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги зиммасига юкланган ҳолда, унинг механизмлари белгиланмоқда;
  • агросаноат кластери мақомини бекор қилиш, ажратилган ер ижара ҳуқуқини бекор қилиш фақат суд қарори асосида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Агросаноат кластерларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритишини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини яратиш кластерларни ташкил этишда ваколатли давлат ва маҳаллий ҳокимият органларини ҳамда кластерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгиланишига ҳамда агросаноат кластерлари фаолиятини самарали йўлга қўйишда давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ер ажратиш, молиялаштириш масалаларига кўмаклашишни таъминлашнинг асоси бўлиб хизмат қилади.

«Ушбу ҳуқуқий асосларнинг қабул қилиниши, мазкур тизимни жадал ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини кенг жорий этиш, инвестицияларни фаол жалб қилиш, қайта ишлаш ва экспорт инфратузилмасини ривожлантириш, фермер ва деҳқонларнинг даромадини янада ошириш, қишлоқ ҳудудларида янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади», — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари.

Related Articles

Back to top button