МЕНИНГ ДАДАМ!
Куни кеча қўшнимизнинг хонадонида ХАТМИ ҚУРЪОН бўлди… Қўшнилар билан бирга у хонадонга дадам билан бирга кирдик. Улар билан дастурхон атрофига ёнма-ён келиб жойлашдик. Дастурхондаги ноз-неъматлардан тановвул қилиб бўлгач, дастурхонга ош тортилди. Дадам иккимиз бир лагандан ош ерканмиз, олдиларидан чиққан гўшт бўлакларини секин-секин мен томонга суриб қўйдилар.
Бу манзарани кузата туриб, аввалги бир вақтлар эшитган ота-бола суҳбати ёдимга тушди.
Дадаси ўғлидан: “Ким кучли ўғлим сенми, менми?”- деб уч бора сўраганида, уччаласида ҳам: “Мен кучли-да, ота.”- деб жавоб қилади. Жавобдан хафа бўлган ота ўғлидан нарироқ кетади ва яна сўрайди:
-Ўғлим сўнги бор сўрайман, ким кучли?
-Энди мен кучсизман, ота.
Ота ўғлининг жавобидан ҳайрон қолади ва сабабини сўрайди.
-Нега уч бор сўраганимда мен кучли дединг, энди кучсизман деяпсан ўғлим? Шунда ўғил жавоб беради.
-Уч бор сўраганингизда ёнимда эдингиз, энди мендан анча узоқдасиз, шунинг учун кучсизман ОТА!
Дархақиқат, отаси хаёт ўғил, қоқиниб қолмайди… Унга доим мадад бўлади. Тушкунликка тушмайди, бошини деворга урмайди. Чунки, унинг маслахатгўйи бор, у учун жонини беришга қодир ота бор ёнида. Дадамнинг бу қилганларини кузата туриб ўйлаб қолибман. Дадам хали ҳам мени, елкасига опичлаб олиб, ширинликлар олиб берадиган ёш боладек кўрарканлар. Болалигимда дадам билан бўлган ёрқин ХОТИРАЛАРИМ хамон ёдимда… Биласизлар мустақилликнинг илк йилларида пул ишлаб топиш муаммоси бироз қийинроқ эди… Хозиргидек тадбиркорлик ривожланмаган, маошга қараб кун кечирадиган вақтлар эди ўшанда. Ота-онам ОДДИЙ ИШЧИ бўлганлиги сабаб, оилада бироз етишмовчилик, бу маошдан кейингисигача амаллаб эплайдиган вақтлар эди…Биз болалар оиладаги муаммолардан бехабар, хали уни хали буни олиб берасан деб, хархаша ҳам қилар эдик.
Ўша махалда дўкон расталарида сникерс, боунти, твикс деган хорижнинг шоколадлари пайдо бўла бошлаган эди. Мактабга ўзига тўқ оилаларни фарзандлари ҳар-ҳарда ўша шоколадлардан олиб келиб, танаффус вақтида ҳаммани кўзини куйдириб ерди. Ўшанда у холатни кўриб бир ютиниб қўяр эдим. Укамлардан катта бўлганлигим, ҳаётни сал бўлсада аччиқ-чучугига ақлим етиб қолганлиги сабаб, уйга келиб дадамга: “Менга ҳам олиб беринг”- демас эдим. Бир куни дадам бир дона сникерс олиб келдилар. Уни тўртга бўлдилар, бир бўлагини менга, укамга синглимга ва онамга бердилар…Ўзлари эса емадилар ҳам. Онам:
-Дадаси ўзиз емайсизми?!-деб сўраганларида.
-Сизлар бемалол еяверинглар, мен АВВАЛ ЕГАНМАН- дердилар. Хар доимги гаплари. Ўзи яқиндагина сотувга чиққан нарса бўлса ҳам, дадам уни аввал таътиб кўрган бўлардилар. Кейин билсам, аслида тановвул қилиб кўрмаган бўлсаларда бизларни хотиржам қилиш учун шундай дер эканлар…Шўрва нима учун қилинади?!Албатта гўшт ейиш учун.Ҳа тўғри, шўрва асосан гўштдан тайер бўлади. Уйда шўрва қилсак, онам шўрванинг гўштини алохида идишда олиб келадилар. Дадам бўлса, ўзининг шўрвасини ичишидан аввал, идишдаги гўштни тақсимлайдилар. Энг юмшоқ жойи синглимга аталар эди. Бирин кетин ёшимизга қараб гўштларни тақсимлаб, ўзларига суяк жойини олиб қолардилар. Ўша суякдаги оз моз ёпишган гўштни ҳам пичоқ билан сидириб, бизларга берардилар. Хозир ҳам шундай.
БАХОНАСИ:
-Менга гўшт мумкинмас, қон босимим бор дейдилар…Кечаги дадамнинг гўшт бўлакларини менга илинишларини кўриб туриб, отамиз бизларни сўнги манзилга кетиш онларида ҳам ўйласалар керак деб хаёл қилдим…Фарзандим ЕСИН! Фарзандим КИЙСИН! Фарзандим униб ўссин! Фарзандим яшасин!