Kasbim-faxrim

ВАТАНДА ТЎКИС БЎЛИШ БАХТИ

Доно халқимизда Ватан, она юрт, туғилиб ўсган заминни улуғлаш билан боғлиқ шунчалар кўп ўгит ва мақоллар борки, агар сўзимизни шулардан бошласак, узоқ ёзишга тўғри келади.

Аммо, бошидан ўтказганлар яхши биладики, она ватанингда ўз уйинг бўлмаса, қаерга меҳр беришни ҳам билмай қоласан. Болаларингни етаклаб ҳали у жойда, ҳали бу жойда ижарама-ижара юрган одамда ҳаловат бўлармиди? Хуллас, ана шу тахлит яшаб юрганлар орамизда анчагина.

Тўғри бугун улар осойишта ватанда ҳеч нарсадан нолимай яшаётгандир бироқ, кўнгилларининг туб-тубида ўз уй-жойлари бўлишига бўлган орзулари ушалмаётганидан безовталик бўлгани бор гап. Тўғрида, бежизга “Ўз уйинг ўлан тўшагинг” дейишмаганку, хўжайиннинг қош-қовоғига қараб яшашнинг ўзи бўладими?

Уй олишга қурби етмай сарсон юрганларни ўйлантирган муаммою, ташвишлар ҳақида гапираверсак гап кўп. Қувонарлиси шундаки, сўнги йилларда минглаб ана шундай юртдошларимиз ўзларининг шахсий уй-жойларига эга бўлишди. Ва бу борадаги давлатимиз томонидан амалга оширилаётган қўллаб-қувватловлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Мамлакатимизда арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги архитектура ва техник ечимларни жорий этиш орқали аҳолининг уй-жой маиший турмуш шароитларини яхшилаш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сонли Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини ҳам уй-жойга муҳтож бўлган фуқароларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган инсонпарварлик сиёсатининг яққол намунаси дейиш мумкин.

Субсидиялар – даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан тўланадиган ва қайтариб берилмайдиган маблағдир.

Бошланғич бадал эса бу бирламчи бозордаги (янги қурилган) уй-жойларни сотиб олиш учун ажратиладиган пуллар эканини яхши биласиз. Шаҳар ва қишлоқ жойларда эса уларнинг қиймати ҳар хил. Ҳа айтганча, субсидия, ипотека кредити бўйича фоизларни қоплаш учун ҳам берилиши мумкин. Бунда қишлоқ жойларда – биринчи 5 йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун – 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Тошкент шаҳрида биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун – 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Унутманг, субсидиялар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, оилада ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади. Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Бунинг учун эса ариза беришнингиз кифоя. Аризаларни давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали электрон тарзда бериш мумкин. Субсидия олиш учун аризалар 2020 йил 1 октябрига қадар қабул қилинади.

Шундай экан шошилинг! Ариза билан мурожаат қилиб, керакли ҳужжатларни тақдим этганингиздан сўнг, махсус комиссия, яъни ички ишлар бўлими, молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази, кадастр корхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимликлари, иштирок этувчи тижорат банклари вакиллари ариза берувчилар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳаққоний эканлигини текшириб чиқади ва мезонлар бўйича баҳолашади. Энг юқори балл тўплаганларга субсидия тартиб бўйича берилади.

Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармасининг туман, шаҳар Давлат хизматлари марказларига бугунги кунга қадар субсидия олиш мақсадида 1227 та ариза келиб тушган бўлиб, 106 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий қаноатлантирилган бўлса, 470 таси рад этилган. 650 та ариза эса айни пайтда кўриб чиқилмоқда.

— Жарқўрғон туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси тез тиббий ёрдам бўлимида шифокор бўлиб фаолият юритаман, — дейди Олтиной Жовлиева. — Турмуш ўртоғим ҳам шифокор. Ижарада яшаб, фаолият юритамиз. Бир куни ҳамкасбларимдан уй олувчилар учун субсидиялар ажратилаётгани ҳақида эшитиб қолдим ва туманимиздаги Давлат хизматлари марказига мурожаат қилдим.

Аризам 9 кун ичида кўриб чиқилиб, уй-жойга муҳтожлигимиз сабаб бизга ҳам субсидия ажратиладиган бўлди. Ҳаттоки, уй олишда ҳам мана шундай ғамхўрлик ифодаси сифатида субсидия кўринишида ёрдам маблағлари ажратилаётган давлатда яшаш кишида фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади. Албатта, ўз ўрнида ҳар бир фуқаро бунга жавобан сидқидилдан фаолият юритса, нур устига аъло нур.

Шу ўринда бир мулоҳаза, Президентимиз фармонида субсидия ажратиш тартиби ва уни олишга ҳақли бўлган тоифалар аниқ кўрсатиб ўтилган. Шундай бўлсада устамонлик билан белгиланган меъёрлардан чиқиб бўлсада ушбу имкониятдан фойдаланиб қолишга уринаётган юртдошларимиз, афсуски, учраб турибди.
Келинг, бир мардлик ва бағри кенглик қилинг, Сизникидек, 2 хонали уйи бўлишини йиллар давомида орзу қилиб етишолмай юрганлар бор. Агар кимдир қўли узунлик қилиб уларга имконият қолдирмаса, яна орзулари орзулигича қолиб кетиши мумкин. Бу каби ҳолатга йўл қўйилмаслигику аниқ, фақат ўзингизнинг ҳам, масъулларнинг ҳам қадрли вақтини йўқотганингиз қолади холос.

Бекзод Шаметов,
ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси

Related Articles

Back to top button