Kasbim-faxrim

БУХОРОДА ЯНА 20 НАФАР БЕМОР БУТУНЛАЙ СОҒАЙДИ. УЛАРНИНГ БАРЧАСИ ХОРИЖДАН КЕЛГАН

Сўнгги йилларда нафақат пойтахтимизда, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Янги тиббиёт муассасаларини қуриш, таъмирлаш, ихтисослаштирилган тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш, замонавий тиббий технологияларни жорий этиш каби йўналишлардаги саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бермоқда.

Коронавирус пандемияси авжига чиққан бир пайтда, юртимизнинг деярли барча ҳудудларида ушбу инфекцияга чалинган беморларга малакали шифокорлар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани ҳам соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасидир.

Жумладан, бугун Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 20 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсида карантинга олинган эди. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Беморларнинг 10 нафари эркак, 10 нафари аёллардир. Улардан 11 нафари Тошкент шаҳри, 4 нафари Самарқанд вилояти, 2 нафари Жиззах вилоятидан, Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади. Улар орасида энг ёши каттаси 57 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 21 ёшда.

Беморларнинг дарддан фориғ бўлишида, шубҳасиз, мазкур шифохона тиббиёт ходимларининг бирдамликда олиб борган самарали даволаш муолажалари муҳим аҳамият касб этди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 8 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 28 нафарга етди.

Ҳозирги синовли кунларда ҳақиқий фидойилик намунасини мамлакатимизда фаолият юритаётган минглаб шифокорларимиз мисолида кўриб турибмиз. Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси тузалаётган беморлар кўрсаткичида намоён бўлмоқда. Бугун яна бир қатор шифохоналарда соғайган беморларнинг реабилитацияга кузатилиши кутилмоқда.

Айни пайтда қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 127 нафар бемор тўлиқ соғайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Related Articles

Back to top button