ҚАТЪИЙ ИНТИЗОМ ВА ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ – БАРҚАРОРЛИККА ЭРИШИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ
Бугун, дунё ҳамжамиятини умумий долзарб муаммо – коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш ва уни бартараф этиш масаласи янада жипслаштирди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Ҳар бир давлат, аввало, ўз ҳудудида ушбу юқумли иллатнинг тарқалишини олдини олиш, халқи ва фуқаролари саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, кенг аҳоли қатламларининг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор турмуш даражасини сақлаб қолиш бўйича муҳим ва зарурий чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида Ҳукуматимиз томонидан коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш, фуқароларимизнинг саломатлигини асраш, давлат ва жамият ҳаётида ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида изчил ва муҳим амалий чора-тадбирлар жорий этилмоқда.
Бу борада, Президентимиз томонидан халқимизга қилинаётган такрорий мурожаатлар, шунингдек, 2020 йил 3 апрелда имзоланган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон кенг миқёсли коронавирус пандемияси шароитида мамлакатимизда барқарорликни таъминлаш, халқимизнинг саломатлигини асраш ва руҳий кайфиятини кўтариш, жамиятимизнинг ушбу синовли кунлардан имкон қадар енгил, кам талофот кўрган ҳолда чиқиши, аҳоли қатламларини ижтимоий муҳофаза қилиш учун муҳим амалий чора-тадбирларни белгилади.
Таъкидлаш лозимки, ушбу муҳим чора-тадбирлар замирида халқимизнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, ҳозирги мураккаб ва таҳликали вазиятдан аҳолимизни қийинчиликларсиз олиб чиқишдек олий мақсад турибди. Бутун диққат-эътибор халқ саломатлигини асраш ва таъминлаш йўналишидаги қатъий чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилмоқда.
Аммо, қайд этиш жоизки, тизимли ва изчил олиб борилаётган огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари тез-тез бузилаётганлиги кузатилмоқда. Бу эса, ниҳоятда ачинарли ҳолатдир.
Бугунги кунда, 22 мингдан зиёд ана шундай ҳолат аниқланган бўлиб, 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетган. Карантин вақтида айрим масъулиятсиз ва нафақат ўз саломатлиги, балки оиласи, яқинлари, ёру биродарлари саломатлигига бефарқ шахслар томонидан 24 та турли оммавий маросимлар ўтказилганлигини ҳеч ҳам оқлаб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, оиласи, маҳалла-кўй, халқимиз ҳаётига хавф солаётган бундай номаъқул ишларни содир этганларга нисбатан кескин чоралар кўрилади.
Юқорида қайд этилган Фармон коронавирус пандемиясини олдини олиш ва тўхтатиш, ушбу мураккаб шароитда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларига молиявий ва солиқ енгилликларини бериш ва изчил фаолиятини таъминлаши учун зарурий шарт-шароитларни яратиб бериш, барқарор иқтисодий мувозанатни ушлаб туришга қаратилган навбатдаги муҳим чора-тадбирларни ўз ичига олган.
Хусусан, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.Бу орқали, яна 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилалар қамраб олиниши кутилмоқда.
Шунингдек, карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.
Айтиш жоизки, Ўзбекистонда бутун дунё халқлари қатори коронавирус иллатига қарши кенг кўламли ва муҳим чора-тадбирлар устида доимий равишда жиддий изланишлар ҳамда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бутун жаҳон бўйлаб тарқалган коронавирус пандемиясига қарши курашиш ишлари давлатимизнинг устувор вазифаси сифатида белгиланган бўлиб, унга қарши курашга нафақат Ҳукумат ва ҳокимликлар, балки барча мутасадди ташкилот ва идоралар сафарбар қилинган.
Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши олиб борилаётган ишлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.
Шу билан бирга, халқимиздан, ҳар бир фуқаромиздан давлат ва жамият ҳаётига жорий этилган қатъий карантин тартибига тўла риоя қилиш, мажбурий қоидаларга беписанд муносабатда бўлмаслик, ўзи ва оиласи саломатлигини хатарга қўймаслик, белгиланган асосда тиббий ва ижтимоий кўрсатмаларга амал қилиш, давлат томонидан олиб борилаётган чора-тадбирларнинг туб моҳиятини англаш, эртанги тинч-осуда, хотиржам ва фаровон кунлар учун вақтинчалик белгиланган чекловларга амал қилиш талаб этилади.
Ҳар биримиз қатъий интизом ва юксак масъулиятни ҳис этишимиз шарт.
Абдуғани САНГИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси