ИИВ огоҳлантиради
ИИВ огоҳлантиради: қонунбузарликни бекитиш ёки жамоатчиликка ўзини жабрдийда қилиб кўрсатиш мақсадида ҳақиқий воқеликни яшириш, монтаж қилинган видеороликларни тарқатиш орқали жавобгарликдан қутулиб қолишга интилиш амалиёти ҳеч қандай ёрдам бермайди
Тошкент вилояти ИИББ томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 23 июнь куни, тунги хизматга жалб этилган Паркент тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспекторлари катта лейтенант Р.Нишонов ва лейтенант Ж.Миртолиповлар соат тахминан 20:00ларда Истиқбол маҳалласи ҳудудида жойлашган савдо дўконлари олдида, ёши 35-40ларда бўлган эркак киши спиртли ичимлик истеъмол қилиб ўтирганлигини кўришган.
Фуқаро ўзини 1983 йилда туғилган О.Т. деб таништирган. Профилактика инспекторлари фуқарога жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилиш мумкин эмаслиги ҳақида тушунтиришганида, ички ишлар органлари ходимларига нисбатан қўпол муомалада бўлиб, атрофдаги фуқароларни эътиборини жалб этиш мақсадида ходимларга уятли сўзлар билан сўкинган, уларнинг тинчланиш талабларига бўйсунмаган ҳамда ИИБга боришдан бош тортган.
Қоидабузарнинг шахсини аниқлаш ва ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш мақсадида фуқаро О.Т. мажбурий тарзда туман ИИБга олиб келинган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро О.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик), 187-моддаси (Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш) ҳамда 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳозирда терговга қадар суриштирув олиб борилмоқда.
Шу ўринда, фуқароларга, қонунбузарликни бекитиш ёки жамоатчиликка ўзини жабрдийда қилиб кўрсатиш мақсадида ҳақиқий воқеликни яшириш, монтаж қилинган видеороликларни тарқатиш орқали жавобгарликдан қутулиб қолишга интилиш амалиёти ҳеч қандай ёрдам бермаслигини эслатиб ўтамиз. Қилмиши учун ҳар бир фуқаро қонун олдида жавоб беради.
ИИВ Ахборот хизмати