Kasbim-faxrim

МАҚСАДИМИЗ ХАЛҚИМИЗГА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШ

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ишларнинг ҳолати аҳолига ҳар томонлама ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш бўйича самарали механизмлар яратилишига тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар борлиги қайд этилиб, бу борадаги муаммолар ечимига қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилган. Қарор ижроси доирасида масъул идоралар ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар ўзининг қандай самарасини бермоқда? Муммо ва камчиликлар ҳамда уларнинг ечимига қаратилган навбатдаги семинар бўлиб ўтди. Вилоят хотин — қизлар қўмитаси, Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси, ФХДЁ бўлимлари мудиралари, соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда ободонлаштириш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув-семинарда бугунгача эришилган натижалар, йўл қўйилган камчиликлар эътироф этилиб, ишни ташкил этиш юзасидан самарали ҳомкорликни ташкил этиш механизмлари кўриб чиқилди.


     Қарорнинг 8-бандида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб ФҲДЁ органлари билан туғилиш ва ўлим тўғрисида электрон маълумотлар алмашишни йўлга қўйиш, шунингдек туғилиш ва ўлим ҳақида ягона ноёб кодли унификацияланган электрон маълумотнома беришнинг ягона тартибини жорий қилиш, фертиль ёшидаги аёлларни ҳисобга олиш ва ҳомиладорликнинг эрта босқичидан чақалоқ туғилгунига қадар ҳисобини олиб боришнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини ишлаб чиқиш ҳамда уни «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизими билан интеграция қилишни таъминлаш белгиланган.
     Бироқ, туман, шаҳар тиббиёт муассасаларининг ушбу соҳадаги фаолияти ўрганилганда, “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимига туғилиш ва ўлим ҳақидаги тиббий маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон тизими орқали белгиланган муддатларда юборилмаяпти. Натижада, ФҲДЁ органлари томонидан туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувлари қоғоз шаклидаги маълумотномаларга асосан расмийлаштирилмоқда. Бу ҳолат, давлат хизматлари кўрсатиш тартибининг бузилиши ҳисобланади.
     Ушбу ҳолатлар, юқоридаги Президент қарорини ўз вақтида ижроси таъминланмаётганлиги, қолаверса, аҳолига ФҲДЁ соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш сифатига салбий таъсирини кўрсатмоқда. Семинарда таъкидланганидек, юқоридаги каби камчиликларни зудлик билан бартараф этиш соҳа ходимлари олдида турган муҳим вазифалардан бири саналади. Шу ўринда эътироф этиш керакки, камчиликлар баробарида одамларга енгиллик яратган қатор имкониятлар ҳам аллақачон жорий этилган бўлиб, бу босқичма-босқич ривожлантирилиб борилмоқда.
     Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ўтган икки йил давомида ФҲДЁ бўлимларида кўрсатилаётган давлат хизматларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тўловларни электрон тизим орқали (биллинг) амалга ошириш йўлга қўйилди. Айни пайтда гербли гувоҳномаларни қўлда ёзиш тартиби бекор қилиниб, гербли гувоҳномалар электрон тарзда компьютерда ёзилиб чиқариладиган бўлди. Бу эса давлат хизматлари кўрсатишда асоссиз навбат кутишларнинг олдини олиб, фуқароларнинг вақтини тежаш имконини яратди. Давлат хизматлари кўрсатишда экстерриториаллик тамойилига асосан, никоҳда туриш-турмаслиги ҳақида маълумотномалар бериш тартиби жорий этилди. Бу билан, эндиликда фуқаро хоҳлаган вилоятидан туриб ҳам давлат хизматлари марказлари орқали ушбу маълумотномаларни олиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
      Бир сўз билан айтганда тизимда амалиётга жорий этилаётган ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад фуқаролик ҳолатини расмийлаштириш жараёнида фуқароларга енгиллик ва қулайликлар яратишга қаратилган.


Инобат Тошбадалова

ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси ФҲДЁ органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш шўъбаси бош маслаҳатчиси

Related Articles

Back to top button