Adabiyot

Хондамир: “ҳатто табиат ҳам мотам тутди”

Оразин ёпқоч, кўзимдан сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш…

Алишер Навоий 1441 йил  9-февралда Ҳиротда туғилиб, шу ерда умрининг асосий қисмини ўтказган. Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Баҳодир темурийлар хонадонига яқин бўлган. Шеър завқи ва истеъдоди эрта уйғонган. Болаликдаёқ Фаридиддин Атторнинг „Мантиқут-тайр“ асарини ёд олган, Шарафиддин Али Яздий назарига тушган, Мавлоно Лутфий ёш шоир истеъдодига юқори баҳо берган, Камол Турбатий эътирофини қозонган. Саййид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад каби устозлардан таълим олган, Абдураҳмон Жомий билан ижодий ҳамкорликда бўлган.

Навоий 1469 йилгача темурийлар орасидаги ички низолар сабабли Ҳиротдан йироқроқда яшаган. Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтига ўтиргач (1469), Навоий ҳаёти ва ижодида янги босқич бошланади, муҳрдорлик (1469) мансабига, вазирлик (1472) ва Астробод ҳокимлиги (1487)га тайинланади. 1480—1500 йиллар мобайнида ўз маблағлари ҳисобидан бир неча мадраса, 40 работ (сафардаги йўловчилар тўхтаб ўтиш жойи), 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 та ҳовуз қурдиради. Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийга „муқарраби ҳазрати султоний“ („султон ҳазратларининг энг яқин кишиси“) деган унвонни беради. Унга кўра Навоий давлатнинг барча ишларига аралаша оларди.

Алишер Навоий таржимаи ҳоли ўз даврида Хондамир, Восифий, Ҳусайн Бойқаро, Бобур каби тарихчи ва давлат арбобларининг асарларида акс этган. Ўзбек олимлари Озод Шарафиддинов, В.Маҳмуд, Ойбек, Яҳё Ғуломов, Иззат Султон, А.Зоҳидов, В.Абдуллаев, А.Қаюмов, С.Ғаниева ва бошқа Навоийнинг ҳаёт йўли ҳақида асарлар яратишган. 1947-йилда Комил Ёрматов «Алишер Навоий» филмини суратга олди. Қуйида эътиборингизга Алишер Навоий ҳаётига тааллуқли 15 та маълумотларни тақдим қиламиз:

Навоийнинг илмга бўлган иштиёқи эрта уйғониб, 4 ёшида мактабда таълим ола бошлаган.

Навоий ҳазратлари 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асарини ёддан билганлар.

7 ёшли Низомиддин Мир Алишер буюк муҳаддисимиз Бухорий ҳазратларининг олти мингдан зиёд ҳадиси шарифларини ёд билган.

Мир Алишер 7-8 ёшларидан бошлаб ғазаллар ёза бошлаган.

Алишер Навоий «муқарраби ҳазрати султоний» («султон ҳазратларининг энг яқин кишиси») деган унвонни олган. Унвон Навоийга давлатнинг барча ишларига аралашиш ҳуқуқини берган.

Туркий тилни қайта тирилтиргани Навоийнинг маънавиятимиз учун улкан жасорати бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Туркий тил била то шеър айтибдурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас», — деб ёзса, Ҳусайн Бойқаро «Мир Алишер турк тилининг ўлик жасадиға Масиҳ нафаси ила жон ато этди» деб таъкидлаган.

Алишер Навоий ўн беш-ўн олти ёшларида ҳам туркий, ҳам форсийда ижод қиладиган “икки тилли” шоир сифатида танилган.

Алишер Навоий ўсмирлик йилларида ўзи севган шоирларнинг 50 минг байтдан ортиқ шеърларини ёд билган.

Алишер Навоий туркий тилда ёзган шеърларига Навоий, форсий тилдаги шеърларига Фоний деб тахаллус қўяди.

Шоирнинг форсий шеърлар тўплами “Девони Фоний” деб номланган. Навоийнинг севгилиси сифатида тасвирланадиган

“Гули” исми фақат халқ оғзаки ижодида, Навоий ҳақидаги ривоят ва афсоналарда учрайди холос. Гули номи Навоийнинг ҳаёти ҳақида маълумот берувчи ёзма манбаларнинг ҳеч бирида учрамайди.

Навоий асарларида Фарҳод – комил инсон тимсолидир. У болалигидан илмга чанқоқ бўлади ва бир марта ўқигани сира ёдидан чиқмайди. Фарҳод ўн ёшга етганда ҳамма илмларни эгаллаб бўлади.

Навоий тахминан 18-19 ёшларида Абдураҳмон Жомий билан танишади. Жомий уни ҳам фарзанд, ҳам шогирд сифатида қадрлайди.Кейинчалик бу икки улуғ шоир ўртасидаги устоз ва шогирдлик муносабатлари янада мустаҳкамланиб, ижодий ҳамкорликка айланади.

Самарқанд Навоийнинг ҳаёти ва ижодида муҳим аҳамият касб этади. Алишер 1464 йилда Самарқандга келади ва бу ерда мадрасада таҳсил олиб, илм-фан, адабиёт ва санъат билан танишади.

1469 йили Навоий дўсти Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқиши муносабати билан 90 байтдан иборат “Ҳилолия” қасидасини ёзади (“ҳилол” – янги чиққан ой). Навоий ўз жамғармаси ҳисобидан Ҳиротда ва бутун Хуросон мамлакатида 300 дан ортиқ иншоотлар қурдирган.

Алишер Навоий 16 та адабий жанрда ижод қилган. Навоий туркий тилидаги илк “Хамсани” 2 йил давомида ёзади. Дунёнинг 64 тилга таржима қилинган бу асар 51 минг мисрадан ортиқ. Шоирнинг лирик мероси умумий ҳажми 50000 мисрадан ортиқ «Хазойинул-маоний» номли тўрт девон (1491—1498)га жамланган.

Алишер Навоий 1501 йил 3 январда вафот этди.Уни дафн этиш чоғида майдалаб ёмғир ёғиб турган эди. Буни тарихчи Хондамир “ҳатто табиат ҳам мотам тутди” дея таърифлаган.

Манба: «Тафаккур» нашри

Related Articles

Back to top button